platina.uz
Спорт

Президент миллий терма жамоа аъзолари билан учрашди

Энди ҳар бир маҳаллага футбол нафаси кириб боради. Ҳар бир болага ўз маҳалласида тўп тепиш, мусобақаларда қатнашиш, ўз истеъдодини кўрсатиш имконияти яратилади. 

Президент миллий терма жамоа аъзолари билан учрашди

Президент Шавкат Мирзиёев терма жамоани ЖЧга кузатиш тадбирида нутқ сўзлади.

Юртимизда спортга, хусусан, футболга қаратилаётган эътибор, яратилаётган шароитлар мазкур ютуқларга катта замин бўлди.

Сўнгги йилларда жойларда 200 дан зиёд йирик спорт иншоотлари, 4 мингга яқин хусусий спорт клублари иш бошлади. 1,5 мингдан ортиқ маҳаллага спорт майдончалари қуриб берилди. Пойтахтимизда замонавий Олимпия шаҳарчаси барпо этилди, Юқори Чирчиқда “Миллий футбол маркази” ишга туширилди. Ҳар бир вилоятда биттадан профессионал футбол академияси ва футбол мактаблари ташкил қилинди.

Бу ишлар ҳисобига ҳаваскор футболчилар сони 5 миллионга етди, футбол билан мунтазам шуғулланувчилар 1 миллион 300 мингдан ошди, профессионал футболчилар 17 мингга етди.

Энг асосийси, футболда коррупция ва таниш-билишчилик деган иллатларга барҳам берилди. Очиқ ва шаффоф тизим яратилди. Бу энг иқтидорли ёшларни, ростакам истеъдодларни катта майдонга олиб чиқди.

“Биз учун футбол нафақат профессионал спорт тури, балки ёшлар тарбияси, соғлом турмуш, интизом ва ватанпарварлик мактаби бўлади.

Энди юртимиздаги ҳар бир маҳаллага футбол нафаси кириб боради. Ҳар бир болага ўз маҳалласида тўп тепиш, мусобақаларда қатнашиш, ўз истеъдодини кўрсатиш имконияти яратилади”, – деди Президентимиз.

Бунинг учун “Ҳар бир маҳалла – футбол майдони” дастури бошланади. Бу умуммиллий ҳаракатга айланади.

Дастур доирасида “Маҳалла лигаси” ташкил этилиб, 12-17 ёшли ўғил-қизлар ўртасида маҳалла футбол жамоалари тузилади. Ҳар йили ҳаваскор футболчилар иштирокида “маҳалла – туман – вилоят – республика” босқичидан иборат мусобақалар ўтказилади.

Умуман, “Маҳалла лигаси” энг яхши иқтидорларни селекция қилишда профессионал клублар учун тайёр база бўлади.

Бугун терма жамоамиз билан катта тажриба ва чемпионлик характерига эга Фабио Каннаваро бошчилигидаги мураббийлар штаби ишлаётгани қайд этилди.

2006 йилда Германияда ўтказилган мундиалда Каннаваро сардорлик қилган Италия терма жамоаси жаҳон чемпиони бўлган. Ўша йили Каннаваро дунёнинг энг яхши ўйинчиси деб эътироф этилган ва футбол тарихида “Олтин тўп” соҳиби бўлган кам сонли ҳимоячилардан бирига айланган.

Янги мураббий жисмоний тайёргарлик ва ҳужумчилар билан ишлайдиган мураббийларни, шифокор, нутритсиолог ва ошпазларни олиб келгани ҳамда халқаро тажрибага эга яхши жамоани шакллантиргани таъкидланди.

"Фурсатдан фойдаланиб, Фабио Каннаварони мураббий сифатида мундиалдаги биринчи иштироки билан табриклаб, мураббийлар штабига янги зафарлар тилайман", – деди давлат раҳбари.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid