platina.uz
Жамият

Эски ва яроқсиз боғлар билан ишлаш бўйича янги тартиб жорий этилади

Бу жараёнда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш, саноатлашган боғлар барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш бўйича хулоса беради. 12 ой давомида саноатлашган боғ барпо этилмаган майдонлар учун ер ва сув солиғи ставкасини ошириш таклиф этилди. 

Эски ва яроқсиз боғлар билан ишлаш бўйича янги тартиб жорий этилади

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда интенсив саноатлашган боғларни кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Мамлакатимизда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ва қишлоқ аҳолисини даромадли қилиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда юртимизда 572,6 минг гектар боғ ва токзор мавжуд бўлиб, улар йилига 1 миллиард долларлик экспортни таъминламоқда, 882 минг нафар аҳолининг даромад манбаига айланган.

Шу билан бирга, ер ва сув ресурслари чекланган ҳозирги шароитда соҳадаги ўсишни фақат майдонларни кенгайтириш ҳисобидан эмас, балки ҳар бир гектардан олинадиган ҳосилдорлик ва даромадни ошириш орқали таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон 2030 йилга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини 10 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Бунда интенсив, саноатлашган боғдорчиликни кенгайтириш муҳим омил бўлади.

Йиғилишда мавжуд боғ ва токзорлар ҳолати таҳлил қилинди. Ҳозирда 61 минг гектар эскирган ва 18 минг гектар яроқсиз боғларни янгилаш зарур. Айрим ҳудудларда бундай майдонлардан гектарига бор-йўғи 5 тонна ҳосил олинмоқда, йиллик даромад эса 10 миллион сўмга ҳам етмаяпти.

Мисол учун, Поп туманида 1 минг 200 гектар эски ва яроқсиз боғлар мавжуд. Агар улар ўрнида экспортбоп навлар экилиб, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш бўйича агрологистика марказлари ташкил этилса, ҳосилдорлик ва даромадни бир неча баробар ошириш мумкин. Мазкур туманда 84 гектарда барпо этилган экспортбоп гилос боғи тажрибаси ҳам интенсив боғдорчиликнинг амалий натижасини кўрсатмоқда. Ҳали тўлиқ ҳосилга кирмаган ёш кўчатлардан ҳам гектарига 7 тоннадан ҳосил олиниб, бир килограмм маҳсулот 8 доллардан экспорт қилинмоқда.

Шу боис, эски ва яроқсиз боғлар билан ишлаш бўйича янги тартиб жорий этиш таклиф қилинди. Бу жараёнда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш, саноатлашган боғлар барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш бўйича хулоса беради. 12 ой давомида саноатлашган боғ барпо этилмаган майдонлар учун ер ва сув солиғи ставкасини ошириш, бу ҳолат яна 12 ой давом этса, сувдан фойдаланишни чеклаш таклиф этилди.

Президентимиз ердан самарали фойдаланиш устидан назоратни рақамлаштириш зарурлигини таъкидлади. Эскирган ва янги саноатлашган боғлар ҳолатини космик тасвирлар орқали мониторинг қилиш бўйича ахборот тизимини ишга тушириш топширилди.

Томорқа ва деҳқон хўжаликларидаги эски боғларни янгилаш ҳам эътибордан четда қолмаслиги кераклиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун маҳалла банкири орқали аҳолига 50 донагача кўчат ёки 2 миллион сўмгача қарз бериш, деҳқон хўжаликларига эса эскирган боғларни янгилаш учун 150 миллион сўмгача кредит ажратиш таклиф қилинди.

2026-2028 йилларда 168 минг гектар саноатлашган боғ ва токзорлар ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг ҳисобига 2 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, 258 мингта иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Бундай лойиҳаларни молиялаштириш ва амалий қўллаб-қувватлаш учун 9 та тижорат банки ҳудудларга бириктирилади. Улар саноатлашган боғларни тадбиркорларга тайёр ҳолда топшириш билан бирга икки йил давомида агротехник, молиявий ва ташкилий жиҳатдан кузатиб боради.

Йиғилишда интенсив боғ ташкил қилмоқчи бўлган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида тизим жорий этилиши белгиланди. Жойлардаги “Агростар” компаниялари тадбиркорлар билан улушдорлик асосида ҳамкорлик қилади. Бунда “Агростар” компаниялари устав капиталининг 50 фоизигача қисмида пул маблағи билан, тадбиркор эса ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи билан иштирок этади.

Тадбиркорларга “Агростар” компанияси улушини қайта баҳоламасдан 7 йил ичида бўлиб-бўлиб сотиб олиш ҳуқуқи берилади. Бу тизим эски боғ эгаларини ҳам манфаатдор қилади: улар янгиланган боғлардан орттирган даромади ҳисобидан улушни босқичма-босқич сотиб олиб, кейинчалик интенсив боғга тўлиқ эгалик қилиши мумкин бўлади.

Бундай лойиҳаларга банклар томонидан ҳар бир гектар учун 120 миллион сўмгача кредит ажратилади. Кредит вақтида қайтарилса, фоиз ставкасининг ярми компенсация қилинади. Шунингдек, саноатлашган боғларнинг парваришлаш харажатлари учун 3 йил давомида ҳар гектарга 5 миллион сўмдан субсидия берилади.

Сув тежовчи технологиялар, мевали кўчат ва қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш учун тадбиркорлар ислом молияси хизматларидан фойдаланиши мумкин бўлади.

Президентимиз йиғилишда сўзга чиққан тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади. Уларнинг етиштирилган ёки импорт қилинган мевали кўчатлар ва пайвандтаглар учун қўшилган қиймат солиғини ноль ставкада қўллаш, сув тежовчи технологиялар ўрнатилган саноатлашган боғларда қудуқлардан олинадиган сув учун солиқни 5 йил муддатга 1 сўм этиб белгилаш ҳақидаги таклифларини маъқуллади.

Мутасаддиларга эски ва самарасиз боғларни янгилаш, саноатлашган боғлар бўйича аниқ лойиҳаларни шакллантириш, банклар, ҳокимликлар ва тадбиркорлар ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйиш, ҳар бир ҳудудда экспортбоп навлар, агрологистика ва қайта ишлаш қувватларини ривожлантириш юзасидан топшириқлар берилди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid