Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати ҳафта охирида 40 даражагача чиқиши мумкин
Антициклон чеккаси ҳафта ўрталарига бориб ҳудудлардан бутунлай чекинади ҳамда унинг ўрнига Туркманистондан паст босимли иссиқ об-ҳаво шароити кириб келади.

Ўзбекистонда ҳафта қуруқ кечиб, ҳароратнинг аста-секин кўтарилиб бориши кузатилади. Ҳафта бошларидаги бироз салқинлик дам олиш кунларига бориб яна иссиқ ва қуруқ об-ҳаво билан ўрин алмашади.
Антициклон чеккаси ҳафта ўрталарига бориб ҳудудлардан бутунлай чекинади ҳамда унинг ўрнига Туркманистондан паст босимли иссиқ об-ҳаво шароити кириб келади.
Дам олиш кунларига бориб ҳарорат чўл ҳудудларида яна +40 даража иссиқликкача қайтади. Бир сўз билан айтганда, ҳафта деярли қуруқ ва ҳароратнинг аста-секин, босқичма-босқич кўтарилиб бориш тамойили билан кечади, дейилади "Ўзгидромет" маълумотида.
Ҳафтанинг душанба, сешанба кунлари водий вилоятлари ва тоғларда қисқа муддатли ёғинлар кузатилиши мумкин. Ҳафтанинг бошқа кунлари жойларда қуруқ об-ҳаво кузатилиб, ёғингарчилик кутилмайди.
Ҳафта бошларида кундузлари бироз салқин об-ҳаво, ҳафта ўрталарида яна иссиқ муҳити, дам олиш кунлари эса +40 даража иссиқлик кузатилади. Демак, ҳафта бошлари кундузлари республика бўйлаб +25…+30 даража иссиқ бўлса, чоршанба, пайшанба кунларидан +30…+35 даража, пайшанба кунидан Бухоро, Навоий вилоятларида, жума кунидан жануб вилоятларида +38, якшанба куни эса ҳатто +40 даражагача иссиқ кузатилиши мумкин.
13−14 май кунлари ҳаво оқимларининг ўрин алмашиниш пайти чўл ҳудудларида кучли шамол ва эҳтимолий чанг тўзонлари кўтарилиши мумкин.
