platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди

Президент Ғалаба боғидаги “Миллат фидойилари” хиёбонида ҳам бўлиб, мустақиллик йилларида мамлакат ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Шавкат Мирзиёев “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 май куни пойтахтимиздаги Ғалаба боғига ташриф буюрди.

Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига қарийб 81 йил бўлди. Шунча вақт ўтса-да, урушнинг аччиқ тарихи, у олиб келган мислсиз кулфат ва мусибатлар инсоният хотирасидан ўчгани йўқ. Аксинча, бу мудҳиш хотиралар бизга тинчлик ва осойишталик нақадар бебаҳо неъмат эканини доимо эслатиб туради. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни замирида ана шундай моҳият мужассам.

Давлатимиз раҳбари Ғалаба боғида ушбу сана муносабати билан ташкил этилган хотира маросимида иштирок этди.

Анъанага мувофиқ, Президент Шавкат Мирзиёев “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди. Мазкур муаззам обида урушда халқимиз чеккан азоб-уқубатлар, матонат ва йўқотишларнинг ифодасидир.

– Бугун орамизда соғ-саломат яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, барча нуронийларимизга алоҳида меҳримиз, эҳтиромимизни изҳор этамиз. Ушбу мажмуа буюк ғалабага муносиб ҳисса қўшган кўп миллатли халқимизнинг жасорати ва қаҳрамонлигини тараннум этадиган табаррук маскан, десак, тўғри бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Маълумотларга кўра, фашизмга қарши қонли жангларда ўша пайтда 6 миллион 800 минг нафарни ташкил этган аҳолимизнинг қарийб 2 миллион нафари иштирок этган. Шундан 540 мингга яқини ҳалок бўлган, 158 минг нафари бедарак йўқолган, 50 мингдан ортиғи концлагерларда мислсиз қийноқ ва азоблар туфайли ҳалок бўлган, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтган.

Ўзбекистонлик аскар ва офицерлардан 214 мингга яқини жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани уларнинг жасоратидан далолат беради.

Мамлакатимиз уруш йилларида фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланган, жанг майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, кийим ва озиқ-овқатлар етказиб турилган. Ғоят оғир шароитга қарамай, халқимиз уруш ҳудудларидан кўчириб келинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонни, жумладан, ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болани ўз бағрига олиб, меҳр кўрсатган.

Тадбирда Ўзбекистон Қуролли Кучлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар ҳам иштирок этиб, мазкур ёдгорлик пойига гуллар қўйди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғидаги “Миллат фидойилари” хиёбонида ҳам бўлиб, мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

– Бир йил олдин мана шу ҳудудда “Миллат фидойилари” мажмуасини барпо этганимиз, албатта, бежиз эмас. У Ватан ҳимояси ҳар бир авлоднинг муқаддас иши экани, ватанпарварлик анъаналари давомийлигини эслатиб туради, – деди Президентимиз.

Мажмуада мустақиллик йилларида Ватанимиз озодлиги, эл-юртимиз тинчлиги йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган 196 нафар ҳарбий хизматчи ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг номлари муҳрлаб қўйилган.

Давлатимиз раҳбари ота-оналарга шундай баҳодир, довюрак фарзандларни дунёга келтириб, ҳақиқий ватанпарвар этиб тарбиялагани учун чуқур миннатдорлик изҳор этди.

Халқимиз навқирон ёшда душманга қарши ўзини қалқон қилган бундай фидойи қаҳрамон ўғлонларимизни ҳеч қачон унутмайди. 2025 йилнинг ўзида бу мажмуани 650 мингга яқин юртдошимиз ва хорижий меҳмонлар зиёрат қилган.

Бу ерда кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, тарих, ватанпарварлик, “Келажак соати” дарслари ўтказилмоқда. Бундай ишлар, маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга ва уларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

Жорий йил буюк Амир Темур бобомизнинг 690 йиллик таваллуд санаси юртимизда, чет элларда кенг нишонланяпти.

Соҳибқирон бобомизнинг давлатчилик, жасорат ва қаҳрамонлик машъаласи бугун ҳам порлаб турибди. Бу улуғ анъанани жасур аскар, офицер ва генералларимиз муносиб тарзда давом эттирмоқда. Улар бизнинг катта бойлигимиз, Ватанимизнинг ишончли ва мустаҳкам қалқонлари экани таъкидланди.

– Бугун бу ерда саф тортиб турган “Темурбеклар мактаблари” ўқувчилари, мард ҳарбийларимиз тимсолида Алпомиш, Мангуберди ва Амир Темурларнинг янги авлодини кўрамиз. Буюк аждодларимизнинг бой мероси, илм ва тажриба мактаби нафақат музейларимиз, балки қалбимизга ҳам қайтмоқда. Бамисоли улар қайта тирилиб, Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини биз билан бирга барпо этмоқда. Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази, Темурийлар тарихи давлат музейи, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасини бориб кўрган ҳар бир одам буни чуқур ҳис этади, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилганидек, Ватанни ҳимоя қилиш – давлат ва халқ учун ҳеч қачон кун тартибидан тушмайдиган масала. Бу барчамиз учун – муқаддас ва буюк бурч. Айниқса, бугунги ўта таҳликали замонда бу ўн карра, юз карра долзарб бўлиб бормоқда.

Жорий йил Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги катта тантана билан нишонланади. Ушбу улуғ сана “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” деган эзгу шиор асосида кутиб олинаётгани замирида, албатта, чуқур маъно бор.

– Бугун яқин-атрофимиздаги минтақаларда бўлаётган қарама-қаршилик ва уруш-жанжалларни кўриб турибмиз. Мана шундай мураккаб вазиятда миллий бирлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш – энг катта куч, энг катта бойлик эканини ҳаётнинг ўзи яна бир бор тасдиқламоқда. Ватанни ҳимоя қилиш – дунёдаги энг улуғ ва шарафли ишдир. Бу ҳақиқатни чуқур англаб, ҳарбий қасамёдига доимо содиқ бўлиб келаётган ботир ва довюрак ўғлонларимизга ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди, – деди давлатимиз раҳбари.

“Миллат фидойилари” хиёбони кечаю кундуз жасорат овози янграб турадиган, тинчлик учун курашга чорлайдиган қутлуғ маскан бўлиб қолиши, минглаб, миллионлаб Ватан посбонларини тарбиялашга хизмат қилиши таъкидланди.

Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ўғлонларимизнинг оила аъзолари ва фарзандларига ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid