Ўзбекистон ОТБ билан 12 млрд долларлик янги ҳамкорлик дастурини имзолади
Президент Осиё тараққиёт банки шафелигида Ривожланаётган мамлакатларда сунъий интеллект кўламини ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқишни таклиф этди.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилари кенгашининг 59 йиллик йиғилишида нутқ сўзламоқда.
Президент Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларда Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг ўрнини алоҳида эътироф этди.
Ишончли стратегик шеригимизга айланган банк билан ҳозирги кунга қадар қарийб 16 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Айниқса, Осиё тараққиёт банки мамлакатимиздаги қайта тикланувчи энергетика, қишлоқларда уй-жой қурилиши ва Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорлик йўналишларида илк кунлардан елкадош бўлган.
Давлатимиз раҳбари фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистонни доимо қўллаб-қувватлаб келаётгани учун Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда ҳамда банк Бошқарувчиларига самимий миннатдорлик билдирди.
Шу билан бирга, яқин ҳамкорлик учун Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро молия институтлари раҳбариятига, шунингдек, барча хорижий шерикларга алоҳида ташаккур изҳор этилди.
Куни кеча ОТБ билан 12 миллиард долларлик янги ҳамкорлик дастури имзоланди.
“Барқарор тараққиётни таъминлаш учун Банк билан ҳамкорликда янги механизм ва таъсирчан ёндашувларни жорий этишни даврнинг ўзи биздан тақозо этмоқда”, – деди Президентимиз.
Бугун рақамли технология ва сунъий интеллект деярли барча соҳаларни мутлақо янги форматга олиб чиқмоқда. Жаҳон савдо ташкилоти прогнозларига кўра, 2040 йилга бориб, сунъий интеллект ҳисобига халқаро савдо айланмаси қўшимча 40 фоизга ошади.
Ўзбекистонда ҳам ахборот технологияларини ривожлантиришга жиддий киришилди. Инновация ва билимларга асосланган Сунъий интеллект хабини ташкил қилиш бошланди. Иқтисодиёт тармоқларида 200 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳалари устида ишланмоқда.
Ҳудудларда дата марказлар, супер компютерлар ва сунъий интеллект лабораторияларини кўпайтириш, “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари”ни тайёрлаш бўйича дастурлар амалга оширилмоқда.
“Бу йўналишларда Осиё тараққиёт банки ҳамда АҚШ, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония, Корея ва Хитойдаги ҳамкорларимиз бизга яқиндан ёрдам бераётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман”,
– деди Президентимиз.
Албатта, таълим, тиббиёт, сув хўжалиги, экология, озиқ-овқат хавфсизлиги каби аҳолининг бирламчи эҳтиёжи учун энг зарур бўлган йўналишларда ҳам очиқ сунъий интеллект моделларидан фойдаланиш талаб этилмоқда.
Бунинг учун Президентимиз Осиё тараққиёт банки шафелигида Ривожланаётган мамлакатларда сунъий интеллект кўламини ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқишни таклиф этди.
Шунингдек, Ўзбекистон банкнинг “Осиё учун рақамли магистрал” ташаббусига қўшилишини маълум қилди ҳамда Тошкентда унинг минтақавий мувофиқлаштириш марказини очиш таклифини илгари сурди.
