platina.uz
Жамият

Бокуда БМТнинг урбанизация бўйича энг йирик глобал форуми бўлиб ўтади

Ушбу тадбир шаҳарларни барқарор ривожлантириш ва замонавий урбанизация масалаларига бағишланган жаҳондаги энг асосий, бош платформа ҳисобланади. 

Бокуда БМТнинг урбанизация бўйича энг йирик глобал форуми бўлиб ўтади

2026 йилнинг 17–22 май кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон шаҳарлар форуми ўн учинчи сессияси (WUF13) бўлиб ўтади. Мазкур нуфузли тадбир шаҳарларни барқарор ривожлантириш ва замонавий урбанизация масалаларига бағишланган жаҳондаги энг асосий, бош платформа ҳисобланади.

БМТнинг аҳоли пунктлари бўйича дастури (UN-Habitat) ва Озарбайжон ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу Форум давлат тузилмалари, халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамжамияти ва оммавий ахборот воситалари вакилларини ягона мулоқот майдонида бирлаштиради.

Жаҳон шаҳарлар форуми (WUF) илк бор 2001 йилда БМТ томонидан дунёдаги энг долзарб муаммолардан бири — жадал урбанизация жараёнларини ҳамда унинг жамиятлар, иқтисодиёт, иқлим ўзгариши ва сиёсатга таъсирини ўрганиш мақсадида таъсис этилган. 2002 йилда Найробида (Кения) бўлиб ўтган биринчи йиғилишдан буён ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинаётган мазкур Форум ўз кўлами ва қамровини муттасил кенгайтириб бормоқда.

Бугунги кунда WUF илғор тажрибалар ва инновациялар билан ўртоқлашиш, шунингдек, барқарор урбанизация муаммоларини ҳал қилиш учун юқори даражадаги очиқ ва инклюзив минбар сифатида эътироф этилади.

Бокуда ўтказиладиган навбатдаги Форумда қатор долзарб масалалар муҳокама қилиниб, қуйидаги устувор мақсадларга эришиш кўзланган:

• Аҳоли ва барча манфаатдор томонларнинг барқарор урбанизация ҳақидаги хабардорлигини ошириш;

• Очиқ баҳс-мунозаралар, сиёсий ёндашувлар ва тажриба алмашинуви орқали шаҳарларнинг барқарор тараққиёти бўйича умумий билимларни бойитиш;

• Ушбу жараёнга жалб қилинган турли соҳа вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш.

Озарбайжон мезбонлик қиладиган WUF13 доирасида қатор йирик тадбирлар, хусусан, ассамблеялар, махсус сессиялар, мулоқотлар ва давра суҳбатлари бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар БМТ, Озарбайжон ҳукумати ва бошқа ҳамкорлар томонидан ташкил этиладиган «Urban Expo» йирик кўргазмасида шаҳарсозлик соҳасидаги энг сўнгги ечимлар билан танишишлари мумкин.

Асосий дастурдан ташқари, Форумда ҳамкор ташкилотлар томонидан еттита йўналишда махсус тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган:

• «Ҳаракатдаги Барқарор ривожланиш мақсадлари» (SDGs in Action);

• «Ягона БМТ» (ONE UN);

• «Шаҳарлар овози»;

• Алоқаларни мустаҳкамлашга оид учрашувлар (Networking Events);

• WUF академияси анжуманлари;

• «Шаҳар кутубхонаси» (Urban Library);

• «Шаҳар киноси» (Urban Cinema).

Мазкур Жаҳон шаҳарлар форуми глобал кун тартибидаги энг муҳим урбанистик ёндашувларни ишлаб чиқиш ва келажак шаҳарларининг қиёфасини белгилаб беришда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid