platina.uz
Жамият

Фарғонада камбағаллик даражаси 11,6 фоиздан 5,2 фоизга тушгани қайд этилди

Таълим сифати кескин ошгани учун ёшларнинг ОТМларга кириш кўрсаткичи бўйича вилоят республикада 3-ўринга кўтарилди. Фарғона шаҳрида IT-Парк университети, Марғилонда ИНҲА университетининг филиали очилади. 

Фарғонада камбағаллик даражаси 11,6 фоиздан 5,2 фоизга тушгани қайд этилди

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.

Давлатимиз раҳбари аввало кейинги йилларда вилоят иқтисодиётида рўй берган ўзгаришларга тўхталиб ўтди.

Илгари вилоят даромадининг 70 фоизи нефть-кимё ва қурилиш материаллари соҳасидаги 6-7 та йирик корхона ҳисобидан шаклланарди.

Ўтган даврда вилоятда 8 миллиард 200 миллион доллар инвестиция эвазига 8 мингта замонавий қувватлар ишга тушди, тадбиркорлик учун 100 триллион сўм ресурс берилди, тижорат майдони 10 миллион квадратга кўпайди, 13,5 минг кичик ва ўрта корхона ташкил этилиб, уларнинг сони қарийб 2 карра ўсди.

Натижада ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 баробарга, саноат 1,5 баробарга, хизматлар 3 баробарга ошди. Асосийси, сўнгги тўрт йилда ишсизлик 9,2 фоиздан 4,6 фоизга, камбағаллик даражаси 11,6 фоиздан 5,2 фоизга тушди.

Маҳаллий буджет бўйича ҳокимларга жуда катта имконият яратилгани учун бу йил биринчи чоракда ҳар бир туманда камида 5-10 миллиард сўм қўшимча маблағ қолди.

Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича ҳам катта ўзгаришлар бўлмоқда.

Масалан, илгари Марғилонда бир хонадонда ўртача 2-3 оила яшарди. Бир йилда Ипакчи ва Қиргули маҳаллаларининг ўзида 241 та эски ҳовлилар ўрнида 2,5 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилди. Марғилоннинг Наврўз маҳалласида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивига бу йил яна 6,5 минг оила кўчиб киради.

Бундай ишлар Ёзёвон, Қува туманлари, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида ҳам жадал кетмоқда.

Сўнгги ўн йилда Фарғонада 74 минг ўринли мактаб, 145 минг ўринли боғча ҳамда 3 минг койкали шифохоналар ишга туширилди. Шу билан бирга, 167 та хусусий мактаб пайдо бўлди, уларда 40 мингдан ортиқ ўқувчи таълим оляпти.

Таълим сифати кескин ошгани учун ёшларнинг олийгоҳга кириш кўрсаткичи бўйича вилоят республикада 3-ўринга кўтарилди.

Тиббиётда ҳам ўзгаришлар катта. Биргина Бешариқ туманида ўн йил олдин атиги 2 та хусусий клиника бўлган бўлса, ҳозир 50 тага етди.

Вилоятда 15 минг гектар саноатлашган боғ ва токзор яратилди, яна 6 минг гектари янгиланди. Бугун ишнинг кўзини билган боғбонлар гектаридан 500 миллион сўмгача даромад оляпти.

Мева-сабзавот экспорти 3 карра кўпайиб, 400 миллион долларга етди. Бу республикада энг яхши кўрсаткич.

Фарғона, Сўх, Қува туманлари, Марғилон ва Қўқон шаҳрида туризм жадал ўсмоқда. Тўққиз йилда 3 минг ўринли меҳмонхона ва меҳмон уйлари ишга тушди. Ўтган йили хорижий туристлар илк бор 500 мингдан, маҳаллий сайёҳлар эса 3 миллиондан ошди. Туризм экспорти 185 миллион долларга етди.

Сўнгги йилларда Фарғонада IT хизматлари 4 карра ўсди, экспорт 23 миллион доллардан ошди.

Бу йил Фарғона шаҳрида жами майдони 30 минг квадрат метр бўлган IT-Парк ишга туширилди. Яқинда Қувадаги 1-сонли техникумда “IТ-кластери” фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур кластерда йилига 100 нафар ёшлар дастурлаш, робототехника, график дизайн ва хорижий тилга ўқитилади.

Мутасаддиларга янги ўқув йилидан Қува тажрибаси асосида яна 16 та туманда 1 тадан техникумда бундай кадрлар тайёрлашни бошлаш топширилди.

Фарғона шаҳрида IT-Парк университети, Марғилонда ИНҲА университетининг филиали очилиб, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва дастурий муҳандислик йўналишларида йилига 1 минг нафар талабани ўқитиш йўлга қўйилиши белгиланди.

Беш йилда юртимизда электрон тижорат ҳажми 20 карра ошди. Лекин Фарғонага бунинг бор-йўғи 2,5 фоизи тўғри келади. Электрон тижорат ҳозирги суръатда ривожланса, келаси беш йилда 3,5 миллион квадрат метрли тижорат омборлари керак бўлади.

Фарғонада камида 100 минг квадрат метрли омборхона ташкил қилиш, шунинг 30 минг квадрат метрини жорий йил ишга тушириш кераклиги қайд этилди.

Саноат ва ҳунармандчиликка ихтисослашган 126 та маҳалладаги 10 нафардан тадбиркорни электрон тижорат платформаларидан фойдаланишга ўргатиш топширилди.

Вилоятдаги 1 минг 77 гектар экин ерлари саноат зоналари учун ажратиб берилган. Туман ҳокимлари инвестиция сифатини асосий мезон қилиб белгилаб, ҳар бир гектар ер йилига камида 50 миллиард сўмлик маҳсулот олиб келиши бўйича изланишлари шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Саноат зоналарида 5 миллиард долларлик лойиҳаларни бошлаш топширилди. Бешариқдаги Андархон маҳалласидаги 7 гектар майдонда эркин савдо зонаси ташкил этилиши белгиланди.

Қўқондаги 11 гектарда жойлашган механика заводи бор-йўғи 20 фоиз қувватда ишлаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу ерда 70 миллион долларлик йирик савдо комплексини барпо қилиш таклифи қўллаб-қувватланди.

“Тарихий обидалар ва бетакрор табиатни ўзида жамлаган Фарғонада хорижий туристлар оқимини яна 2-3 карра оширса бўлади”, – деди Президентимиз.

Бунинг учун Қўқон ва Марғилонни зиёрат туризмига, Сўх, Қува, Бешариқ ва Фарғона туманларини тиббий ва экотуризмга ихтисослаштириш зарурлиги қайд этилди.

Кеча Қувада “Каркидон” сув омбори ҳудудидаги туристик мажмуа билан танишилди. Ушбу сув омбори атрофида дам олувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фавқулодда вазиятлар маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Юртимизда алоҳида тоифаланган яна 25 та сув омбори бор. Уларни ҳам босқичма-босқич аҳоли ва туристлар гавжум масканларга айлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Кеча Марғилонда “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасининг очилиш маросими ўтказилди. Мазкур мажмуа миллий қадриятларимиз ва тарихимизни дунёга намоён қиладиган гўзал масканга айланади.

Фарғона туманида ҳам 2 минг 400 гектарда “Шоҳимардон – Ёрдон” халқаро курорт зонаси, “Водил” малина-агротуризм кластери, “Аввал” кўнгилочар туризм мажмуаси, “Чимён” санаторий-курорт зонаси қурилмоқда.

Бундан унумли фойдаланиб, келаси йил якунигача 300 миллион долларлик 50 та лойиҳани ишга тушириш зарурлиги қайд этилди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid