platina.uz
Иқтисод

Президент Қувасойда керамогранит плиталар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди

Давлат раҳбари “Қува Агростар” корхонасида ҳам бўлди. Ушбу мажмуа йилига 12 турдаги 5 минг тонна маҳсулотни етиштиришдан тортиб, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортгача бўлган жараёнларни ягона занжирда бирлаштирган.

Президент Қувасойда керамогранит плиталар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев Қувасой шаҳридаги “Crown Ceramic” қўшма корхонасида керамогранит плиталар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.

Юртимизда маҳаллий хомашё асосида импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда республикада 47 та керамик плита ишлаб чиқарувчи корхона фаолият юритмоқда. Ўтган йили улар томонидан 47,2 миллион квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ички талаб 128,6 фоизга қопланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 16 декабрдаги Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир қарорига мувофиқ, 2025 йилда Қувасой шаҳрида “Crown Ceramic” қўшма корхонаси ташкил этилди. Йилига 8 миллион квадрат метр керамогранит плита ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳа 1 триллион сўмлик маҳсулот тайёрлаш, 665 миллиард сўмлик қўшилган қиймат яратиш ва 35 миллион долларлик экспортни амалга ошириш имкониятларига эга.

Корхонада маҳаллий хомашёдан фойдаланиш даражаси 97 фоизни ташкил этмоқда. Унинг асосий қисми Қувасойдаги конлардан, шунингдек, Тошкент вилоятининг Ангрен ҳудудидан келтирилади. Ишлаб чиқариш жараёнида бир кунда 600 тонна сараланган тош, 100 тонна қизил каолин ва 100 тонна кулранг каолин ишлатилади.

Бу ерда Марказий Осиё ва Шарқий Европа бозорларида кам учрайдиган йирик форматдаги экспортбоп керамогранит плиталар ишлаб чиқарилиб, 6 хил ўлчамдаги маҳсулот тайёрланади.

Заводда оддий сой тошидан юқори қўшилган қийматли маҳсулот яратилмоқда. Дала шпати ишлаб чиқариш, каолин таркибидаги кўмирни тозалаш жараёнлари йўлга қўйилган. Бу юқори сифатли керамогранит ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

Жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилиб, энерготежамкор ускуналардан фойдаланилмоқда. Экологик талабларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган: замонавий чанг ютиш мосламалари ва фильтрлар ўрнатилган. Ёмғир сувлари йиғиб олиниб, ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Ишлатилган сувни тозалаш ва ишлаб чиқаришга қайта йўналтиришнинг ёпиқ занжири яратилган.

Замонавий технологиялар ҳисобига хомашё тайёрлашда электр энергияси сарфи 20 фоизгача камайтирилган. Кундузги иш жараёнида табиий ёруғликдан фойдаланилади.

Бу ерда ишлаб чиқарилаётган керамик плиталар сифат ва техник кўрсаткичлари бўйича Италия, Испания ва Хитой маҳсулотлари билан рақобатлаша олади. Жорий йил январь-март ойларида корхона Қирғизистон ва Тожикистонга 400 минг долларлик 80 минг квадрат метр маҳсулот етказиб берди. Экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида Қозоғистон, Россия ва Европа давлатлари билан шартномалар имзолаш чоралари кўрилмоқда.

Корхонада ҳозирда импорт қилинадиган глазурь маҳсулотларини маҳаллийлаштириш бўйича илмий-амалий ишлар ҳам олиб борилмоқда. Қиймати 20 миллион доллар бўлган, йилига 50 минг тонна глазурь ишлаб чиқариш қувватига эга янги лойиҳа 2026 йил сентябрда ишга туширилади. Унинг натижасида яна 100 та иш ўрни яратилиши, қўшимча 10 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши, сирлаш маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг 85 фоизини корхонанинг ўз кучи билан қоплаш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш ва сақлаш жараёнлари, жорий этилган технологиялар ҳамда экспорт режалари билан танишди. Бундай қўшма корхоналар маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қиймат яратиш орқали ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи чоғида “Қува Агростар” корхонаси фаолияти билан танишди.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида маҳсулотни етиштирибгина қолмай, юқори қўшилган қиймат яратиш, қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш ҳажмларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда “Uzagrostar xolding” компанияси ташкил этилиб, унинг таъсисчилигида 21 та туманда ихтисослаштирилган аграр мажмуалар иш бошлади.

Соҳадаги асосий муаммолардан бири ишлаб чиқариш занжирининг тарқоқлиги эди. Деҳқон маҳсулот етиштирар, аммо уни сақлаш, саралаш, қадоқлаш ва ташқи бозорга чиқариш имконияти чекланган эди. Ихтисослашган агрокомплекслар эса айнан шу бўшлиқни тўлдирмоқда.

Улардан бири “Қува Агростар” корхонаси. Қува туманида жойлашган мажмуа йилига 12 турдаги 5 минг тонна маҳсулотни етиштиришдан тортиб, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортгача бўлган жараёнларни ягона занжирда бирлаштирган.

Корхонанинг Италия, Испания, Германия ва Хитойдан келтирилган замонавий технологиялари ва Global GAP, ISO 22000, Halal ва HACCP каби халқаро сертификатлари маҳсулот сифати ва миллий брендга бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Тизимли ёндашув натижасида 2025 йилда илк бор Япония ва Жанубий Корея каби талабчан бозорларга авиатранспорт орқали маҳсулот экспорт қилинди. Жорий йилда 25 миллион долларлик маҳсулотни ташқи бозорга етказиш режалаштирилган.

Тумандаги 33 та маҳалладан 3 мингта хонадон ва 1 мингта деҳқон хўжалиги билан кооперация алоқалари йўлга қўйилган. Одамларга 10 сотих томорқадан 250 миллион сўмгача даромад олиш амалиёти ўргатилмоқда.

Шу ернинг ўзида аҳолига томорқадан самарали фойдаланишни ўргатиш ва маҳаллаларни чуқур ихтисослаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимот қилинди.

Томорқа шунчаки қўшимча даромад манбаи эмас, балки оилавий тадбиркорликнинг самарали йўналишига айланиши муҳим экани таъкидланди. Аҳолига уруғ танлаш, агротехник тадбирларни тўғри бажариш, сифатли ҳосил олиш, маҳсулотни бозор талабига мос ҳолда тайёрлаш ва экспорт стандартларига мувофиқ қадоқлаш бўйича амалий кўникмалар бериш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари “Қува Агростар” эришган натижаларни юқори баҳолаб, ердан самарали фойдаланиш, маҳсулотни чуқур қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш орқали юқори қўшилган қиймат яратиш, энг муҳими, деҳқон ва томорқа эгалари даромадини сезиларли даражада ошириш муҳим эканини таъкидлади. Шу мақсадда Фарғона вилоятида 50 минг гектар ер майдонида тажриба тариқасида илғор агротехнологияларга асосланган қишлоқ хўжалиги тизими жорий этилиши белгиланди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid