"Каркидон" сув омбори ҳудудида замонавий туризм мажмуаси шакллантирилди
Ушбу лойиҳа йилига 750 минг нафар сайёҳни қабул қилиши, 3 миллиард сўмлик бюджет тушуми ҳамда 5 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаши кўзда тутилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Қува туманидаги “Каркидон” сув омбори ҳудудида барпо этилган янги туризм мажмуасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Бу маскан Фарғона водийсида ёзги дам олиш, экотуризм ва фаол ҳордиқ чиқариш учун энг жозибадор манзиллардан бирига айланиши кутилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 1 апрелдаги қарорига мувофиқ, бу ерда қиймати 635 миллиард сўмлик замонавий туризм мажмуаси шакллантирилмоқда. Ҳудудда йўл инфратузилмаси яхшиланиб, ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
508 гектар майдонни эгаллаган мажмуа агротуризм, экотуризм ва экстремал туризм имкониятларини бирлаштирган. Бу ерда 45 та шале, 57 та замонавий меҳмон уйи, агротуризм мажмуаси, гуллар боғи, лавандазор, экобозор, сокин ҳудудлар ва ресторанлар ташкил этилган.

Президентимиз ҳудудда яратилган шароитлар билан танишар экан, бундай лойиҳалар аҳоли фаровонлиги, ҳудуд иқтисодиёти ва мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Туризм мамлакатни дунёга танитиш, янги иш ўринлари яратиш ва хизматлар экспортини кенгайтиришнинг самарали йўналишларидан бири экани қайд этилди.

Лойиҳа доирасида юздан ортиқ тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 2 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Йилига 750 минг нафар сайёҳни қабул қилиш, 3 миллиард сўмлик бюджет тушуми ҳамда 5 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш кўзда тутилган. Мажмуа 2027 йилдан тўлиқ қувватда ишга туширилади.
Келгусида бу ерда мотокросс майдонлари, 2 километрли дор йўли, картинг ва гольф майдонлари ташкил этилади. Бу имкониятлар “Каркидон” мажмуасини фаол туризм йўналишидаги флагман масканлардан бирига айлантиради.
Мутасаддиларга туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш, энг муҳими, аҳоли манфаатига хизмат қиладиган барқарор тизимни шакллантириш бўйича топшириқлар берилди.
Ташриф давомида давлатимиз раҳбари янги меҳмонхона ва савдо мажмуалари фаолияти билан ҳам танишди. Шу ернинг ўзида сайёҳлик соҳасида истиқболда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимот қилинди.
Жумладан, Тахтакўпир туманида Қоратеренг кўли, Хонобод туманида сунъий кўл, Хатирчи туманида “Кўксарой” сув омбори, Поп туманида Арашан кўли, Нуробод туманида “Собирсой” ва Каттақўрғон туманидаги “Каттақўрғон” сув омборлари атрофида ҳам йирик туризм мажмуаларини барпо этиш режалаштирилган.
Бу каби лойиҳалар мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш, ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва аҳоли даромадини оширишга хизмат қилади.
