Бу ҳафта қуруқ ҳаво кузатилади
Айрим жойларда қисқа ёмғир ёғади, аммо ҳаво ҳарорати 35 даражагача кўтарилади.

Бу ҳафтада Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида айрим жойларда ва Фарғона водийсида эртага куннинг иккинчи ярмида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади.
Кундузги ҳаво ҳарорати 26-29 даража атрофида, жанубида ва чўл ҳудудларда 30-33 даражагача бўлади.
29-30 апрел кунлари республиканинг кўпчилик вилоятларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида 30-апрел куни баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади. Ҳаво ҳарорати кундузи 28-33 даража, жанубда ва чўл ҳудудларда 35 даражагача бўлади.
1 майда республиканинг айрим жойларида қисқа муддатли махаллий ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди.
30 апрелда шимоли-ғарбий ҳудудларда, 1 майда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Тошкентда: ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати 28 апрелда 27-29 даража, 29-30 апрел ва 1 майда 29-32 даража бўлади. Ҳарорат асосан кечалари 14-17 даража бўлади.
Шамол шарқдан бироздан ўртача тезликкача эсади.
