Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 35 даражагача кўтарилиши кутилади
Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 35 даражагача кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда "Ўзгидромет" тақдим этган прогнозда айтилади.
Бугун кундузи Ўзбекистон бўйича қуруқ ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати 24-27 даража атрофида, республика жанубида ва чўл ҳудудларида 29-32 даражагача бўлади.
Дам олиш кунлари республика ҳудуди бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат 25 апрел — шанба куни Қорақалпоғистон Республикаси шимолида ва Фарғона водийсида баъзи жойларда, шунингдек, 26 апрель — якшанба куни Тошкент вилоятида айрим жойларда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шанба куни кундузи ҳаво 28-31 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида 32-35 даражагача исийди.
Якшанба куни кўпчилик вилоятлар бўйича ҳаво ҳарорати ушбу даражалар атрофида бўлади. Фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кундузги ҳарорат 20-23 даражагача, Бухоро ва Навоий вилоятларида эса 25-28 даражагача пасаяди.
24-25 апрел кунлари шимолда ва чўл ҳудудларида, 26 апрелда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Тошкентда бугун кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати 25-27 даража бўлади.
Шанба куни ёғингарчилик кутилмайди. Якшанба куни куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, шамол тезлиги 10-12 м/с гача кучаяди. Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати 27-30 даража атрофида бўлади. Ҳарорат асосан кечалари 14-17 даража бўлади.
