platina.uz
Мақола

Кўринмас фронт жангчилари: Рўзи Назар – хоинми ёки қаҳрамон?

Бутун умрини озод Ўзбекистонни кўришга бағишлаган бу инсон АҚШда энг ишончли ходимга айланган, Эронда айғоқчилик қилган. У машҳур Ҳолливуд филмларига ҳам алоқадор.

Кўринмас фронт жангчилари: Рўзи Назар – хоинми ёки қаҳрамон?
Фотоколлаж: Platina.uz

Рус пропагандасининг Ўзбекистон ахборот маконини ва ижтимоий фикрни бошқаришга уринишлари ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Пропаганда рупорларининг юртимиздаги ҳар бир ўзгариш ва сиёсий риторикага Москва манфаатлари томидан туриб баҳо ва дакки беришларига ҳам қулоқ ўрганди.

Бироқ 2 ойча олдин Россия пропагандаси кўтарган бир масала яна юракка тегади. Гўёки, ўзбек матбуоти фашистларни мақтаб, уларни оқлаётган эмиш.

Тўғри, Рўзи Назар вермахт – фашистлар Германиясининг армияси билан боғлиқ бўлган ва немис қўмондонлиги остида фаолият юритган тузилмаларда хизмат қилган. Аммо унинг мақсади немисларга хизмат қилиш эмас, балки асрий орзуси – Туркистонни яна рус истилосидан озод бўлган мустақил ҳолда кўриш эди. Рўзи Назар бутун ҳаёти давомида бу мақсадига – халқлар қамоқхонаси ҳисобланган СССРнинг парчаланишига ҳисса қўшишга уринди, бутун фаолиятини Туркистон мустақиллиги учун йўналтирди.

Ёшлик йиллари

Рўзи Назар Фарғона водийсидаги Марғилон шаҳрида туғилган. Назарнинг отаси ипак савдоси билан шуғулланган. Онаси эса Россия империяси томонидан босиб олингунига қадар Қўқон хонлигида нуфузли ўрин тутган оиладан чиққан бўлиб, миллатпарварлик ғояларига мойил эди.

1927 йилда, Рўзи Назар 10 ёшга тўлганида, унинг акаси Қори Йўлдошев миллий қаршилик ҳаракатида иштирок этгани учун совет ҳокимияти томонидан отиб ўлдирилди. Бу воқеа оила учун оғир руҳий зарба бўлди, Рўзи Назарнинг дунёқарашига кучли таъсир кўрсатди.

Рўзи Назар ёшлигида Марғилондаги ўрта мактабда ўқиди, кейин эса Тошкентда иқтисодиётни ўрганди. Шу билан бирга, кечки кимё курсларига ҳам қатнашган. Бу даврда у Ўзбекистон коммунистик партиясининг маҳаллий ёшлар қанотида ҳам фаолият юритган.

1930-йилларда кўплаб туркистонлик шоирлар, ёзувчилар ва зиёлилар совет ҳокимияти томонидан таъқибга учради. Улар миллатчиликда айбланиб, сургун қилинди, қамалди ёки отиб ўлдирилди. Бу воқеалар бутун совет иттифоқи бўйлаб миллионлаб инсонларга таъсир кўрсатган сталинча оммавий репрессиялар фонида юз берди.

1937 йил феврал ойида Сталин партия марказий қўмитаси олдида чиқиш қилиб, мамлакатни “халқ душманлари” деб аталувчи шахслардан – троцкийчилар, миллатпарварлар ва совет ҳокимиятига қарши чиққанлардан тозалаш вақти келганини маълум қилди.

Ўзбек элитасининг кўплаб етакчилари бошқа машҳур сиёсатчилар билан бирга давлатга қарши фитнада айбланди. Суд уларни отиб ўлдириш жазосига ҳукм қилди, барча мол-мулклари эса мусодара қилинди.

Ўша пайтда Рўзи Назар 21 ёшда эди. Маҳаллий етакчилар ва фаоллар йўқ қилинмоқда эди. Қамоқлар, чақувлар ва сиёсий тозалашларни кузатар экан, Назар совет тизимига нисбатан тобора кўпроқ ишончини йўқота бошлади.

“Қизил армия” сафларида ҳарбий хизмат

1941 йил январ ойида 24 ёшли Рўзи Назар қизил армияга чақирилди. Орадан бир неча ой ўтиб, 1941 йил июнда нацист Германияси совет иттифоқига ҳужум қилганида, Назар Украина фронтига юборилди.

1941 йил ёзига келиб, немис қўшинлари шарққа тез суръатларда илгарилаб борарди. Қизил армия оғир мағлубиятларга учрарди. Бутун армиялар қуршовда қолиб кетар, миллионлаб совет аскарлари немисларга асир тушарди.

Шундай жанглардан бирида Рўзи Назар оғир яраланди ва ўз бўлинмасидан ажралиб қолди. Бир муддатдан сўнг немис қўшинлари томонидан асирга олинди.

Туркистон легиони

1941 йил охирига келиб, миллионлаб совет аскарлари немис асирлигида эди. Асирликдаги шароит жуда оғир бўлган. Кўплаб одамлар очлик, касаллик ва совуқдан ҳалок бўлган. Шундай шароитда айрим ҳарбий асирлар тирик қолиш умидида турли ҳарбий тузилмаларга қўшилишга рози бўлишган. Асирликка тушган Назар ҳам немис армиясига ўтди.

“Туркистон легиони” аскарлари намоз пайтида

Бу вақтда Германия совет асирларидан “шарқий легионлар” деб аталган ҳарбий қисмларни тузишни бошлаган эди. Шундай бўлинмалардан бири Туркистон легиони бўлиб, у асосан Марказий Осиё халқлари вакилларидан ташкил топган эди.

Вермахтдаги хизмат даври

Рўзи Назар шарқий фронтдаги жангларда яна бир бор яраланди. Шундан сўнг, уни бошқа ишга ўтказишди ва Берлиндаги туркистонлик муҳожирларнинг сиёсий органи ҳисобланган Туркистон миллий бирлиги қўмитаси билан алоқа боғловчи этиб тайинлашди.

Бу қўмита Марказий Осиё халқлари манфаатларини ифодалашга ҳаракат қилган ҳамда совет иттифоқи мағлуб бўлган тақдирда мустақил Туркистон давлатини тузиш ғоясини илгари сурган эди.

Урушнинг якунланиши

1945 йил баҳорида Германиянинг аҳволи тез суръатларда ёмонлаша бошлади. Туркистон легионининг қолдиқлари шарқий фронтдан олиб чиқилиб, Шимолий Италияга, Болцано ҳудудига кўчирилди. Бироқ бу вақтга келиб, Назар уруш амалда ютқазилганини яхши тушуниб етган эди.

Кўплаб собиқ ҳарбий асирлар ва легион иштирокчилари учун бу деярли муқаррар репрессиялар, лагерлар ёки ватанга қайтгандан сўнг қатл этилиш хавфини англатарди.

1945 йил апрелига келиб, Америка армияси Шимолий Италияда тез суръатларда илгарилаб борар, немис оккупацион маъмурияти эса амалда тугатилган эди. Германиянинг ҳарбий тизими емирилаётган эди. Ўз миссияси амалга ошмаслигини тушунган Назар Италияни тарк этиб, Германияга қайтишга қарор қилди.

Назар урушнинг сўнгги кунларида, иттифоқчи армиялар ғарбдан ҳам, шарқдан ҳам Учинчи рейх чегараларига тез яқинлашаётган бир пайтда Германияга қайтди.

1945 йил май ойида Германия таслим бўлганида, Назар Бавариядаги Розенхайм шаҳрида эди. Шу даврда у Эрмелинда Рот билан танишди – у Бавариядаги машҳур католик судясининг қизи бўлиб, отаси нацистлар даврида танқидий позицияда бўлган ва нацизмга қарши чиққан эди.

Рўзи Назар ва Эмиленда никоҳ маросимида

Улар орасида ишқий муносабатлар бошланиб, 1946 йил охирида турмуш қуришди. Кейинги йилнинг август ойида уларнинг биринчи қизи Силвия туғилди. У кейинчалик машҳур сиёсатшунос, журналист ва ёзувчи Силвия Назар бўлиб вояга етди.

МРБдаги фаолияти

Урушдан кейинги йилларда АҚШ Германияда асир олинган кўплаб олимлар ва мутахассисларни Вашингтонга жўнатди. Уларни АҚШ учун хизмат қилдиришни мақсад этди.

Рўзи Назар ҳам Америка махсус хизматлари эътиборига тушди. 1951 йилда Марказий разведка бошқармаси офицери ва собиқ президент Теодор Рузвелтнинг набираси Арчибалд Рузвелт кичик Назарни Америка Қўшма Штатларига таклиф қилди. Унга Марказий Осиё ва совет иттифоқи халқларини ўрганишга қаратилган янги тадқиқот йўналишида иш таклиф этилди.

МРБдаги фаолият даври

Бу фаолият Ню-Йоркдаги Колумбия университети қошида амалга оширилган дастурлар билан боғлиқ бўлиб, у ерда Америка тадқиқот марказлари совет жамияти, миллий республикалар ва эҳтимолий антисовет ҳаракатларни ўрганиш билан шуғулланарди.

Назар Ню-Йоркка келгач, жумладан, у “Америка овози” халқаро радиостанциясининг ўзбек тилидаги эшиттиришларида иштирок этган. Бу радиостанция “темир парда” ортидаги мамлакатларга ахборот етказиш учун ташкил этилган эди. Совет иттифоқи халқларининг миллий тилларидаги дастурлар совуқ уруш даврида Ғарб ахборот сиёсатида муҳим ўрин тутган.

Бир неча йилдан сўнг, Назар расман Америка Қўшма Штатларининг Марказий разведка бошқармасига штатдаги доимий ходими сифатида ишга кирди ва Вашингтонга кўчиб ўтди.

Унинг кўплаб хорижий тилларни билиши, Марказий Осиёдаги сиёсий вазиятни чуқур тушуниши ва муҳожирлар муҳитидаги алоқалари уни совет иттифоқи бўйича қимматли мутахассисга айлантирди.

Туркиядаги йиллар

1959 йил охирларидан бошлаб Рўзи Назар Анқарадаги Америка элчихонасида дипломатик ниқоб остида, аслида МРБ жосуси сифатида ишлай бошлади. Ўша даврда Туркия совуқ уруш тизимида стратегик жиҳатдан муҳим ўринга эга эди. Мамлакат совет иттифоқи билан чегарадош бўлиб, 1952 йилдан НАТО аъзоси эди. Бу эса уни совет блокига қарши курашда АҚШнинг жанубий қанотдаги асосий иттифоқчиларидан бирига айлантирган.

Туркия Америка разведкасига СССР, Кавказ, Марказий Осиё ва Яқин Шарқдаги вазиятни кузатиш учун муҳим майдон бўлган. Тилларни яхши билган ва минтақадаги сиёсий вазиятни чуқур тушунган Назар Америка тузилмалари билан турк сиёсий ва ҳарбий доиралари ўртасида фойдали боғловчига айланди.

Шу даврда Назар Туркия разведка хизмати – Миллий Истихборот Ташкилоти(MIT)ни модернизация қилишга ҳам ҳисса қўшгани айтилади. Ўша йилларда турк разведкаси кўп жиҳатдан Америка хизматларининг ёрдами ва маслаҳатларига муҳтож бўлиб, унинг мустақиллиги ва оператив имкониятларини ошириш асосий вазифалардан бири эди.

Туркияда 10 йилдан ортиқ ишлаганидан сўнг, Назар 1971 йилда Анқарани тарк этди. Кейинчалик у АҚШ ташқи сиёсати ва разведкаси билан боғлиқ тузилмаларда фаолиятини давом эттириб, Вашингтон ва ўша пайтдаги Ғарбий Германия пойтахти Боннда ишлади.

Бу даврда у машҳур америкалик сиёсатшунос ва стратег Збигнев Бжезинский билан ҳамкорлик қилди. Кейинчалик Бжезинский АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчисига айланади. Уларнинг фаолияти совет тизимини таҳлил қилиш ва ғарб капиталистик демократияси ҳамда совет коммунизми ўртасидаги идеологик қарама-қаршиликни ўрганиш билан боғлиқ эди. Бу алоқалари орқали Рўзи Назар АҚШ президентларининг қарорларига ҳам таъсир қила оладиган маслаҳат ва тавсиялар берди.

Эрондаги операциялар

1970-йиллар охирида Рўзи Назар Америка разведкаси билан боғлиқ тузилмаларда ишлашда давом этди ва Яқин Шарқ ҳамда Марказий Осиёдаги совуқ уруш операцияларида иштирок этди.

Бу даврдаги энг драматик воқеалардан бири унинг Эрондаги гаров инқирози пайтидаги фаолияти бўлди. 1979 йил ноябрида Эронда АҚШнинг Теҳрондаги элчихонаси босиб олинди. Яқинда ҳокимиятга келган Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайний режими тарафдорлари бўлган радикал талабалар гуруҳи дипломатик ваколатхонани эгаллаб, 66 нафар ходимни гаровга олди.

Бу инқироз 1970-йиллар охиридаги энг жиддий халқаро можаролардан бирига айланиб, 400 кундан ортиқ давом этди. Эрон ичидаги вазият ҳақида ишончли маълумотлар деярли йўқ шароитда Америка махсус хизматлари гаровдагиларнинг аҳволи ва уларни озод қилиш имкониятлари ҳақида ахборот тўплашга ҳаракат қилди.

Шу доирада Назар ниқоб остида Эронга юборилди. Айрим манбаларга кўра, у ўзини немис-афғон гилам савдогари сифатида таништирган. Бу “афсона” унга Эрон ичида эркин ҳаракатланиш ва маҳаллий савдо доиралари билан мулоқот қилиш имконини берган.

Унинг вазифаси АҚШ элчихонаси атрофидаги вазият ҳақида маълумот тўплаш ва дипломатларни қутқариш имкониятлари бор-йўқлигини баҳолаш эди.

Бу даврда Назар Америка разведкасининг энг машҳур махфий операцияларидан бири – МРБнинг “Арго” операциясини тайёрлашда ҳам иштирок этган. Операция элчихонадан чиқиб кетишга муваффақ бўлган ва Канада дипломатик ваколатхонасида паноҳ топган олти нафар америкалик дипломатни қутқаришга қаратилган эди.

Режага кўра, уларни ўйлаб топилган Ҳолливуд илмий-фантастик филмининг суратга олиш гуруҳи аъзолари сифатида кўрсатиб, Эрондан махфий равишда олиб чиқиш кўзда тутилган. (Бу операция ва филм ҳақида Platina.uz’да чоп этилган мақоламизда ўқинг). Натижада операция муваффақиятли якунланди. Дипломатлар мамлакатни тарк этиб, хавфсиз тарзда Ғарбга етиб боришди. Кейинчалик бу воқеа кенг машҳурликка эга бўлди ва “Арго” филмида экранлаштирилди, бироқ бу филмда Назарнинг иштироки тилга олинмаган, афсуски.

“Арго операцияси” филми постери

Афғонистон

1980-йиллар бошида Назар Афғонистондаги уруш билан боғлиқ воқеаларга ҳам жалб этилган. 1979 йил декабрида совет қўшинлари киритилгандан сўнг, бу мамлакат совуқ урушнинг асосий фронтларидан бирига айланди.

АҚШ совет армияси ва Москва қўллаб-қувватлаган ҳукуматга қарши қуролли кураш олиб борган афғон мужоҳидларини қўллаб-қувватлай бошлади. Бу даврда Назар Афғонистонга бир неча марта сафар қилди. Унинг вазифаларидан бири совет армиясида хизмат қилаётган марказий осиёликлар билан алоқа ўрнатишга уриниш эди.

Афғонистон мужоҳидлари

СССРнинг парчаланиши

1980-йиллар охирига келиб, совет иттифоқи тез суръатларда ўзгара бошлади. 1988 йил май ойида Рейган совет иттифоқига тарихий расмий ташриф билан борди.

Бу ташриф Михаил Горбачёвнинг янги сиёсати – ошкоралик ва қайта қуриш даври бошланишига тўғри келди. Бундай муҳим ташрифлардан олдин давлат раҳбарлари одатда пухта тайёргарлик кўради, ташриф буюрадиган мамлакат бўйича мутахассислардан маълумот тўплайди. Ташриф мақсадлари белгилаб олинади, икки томон дипломатлари имзоланиши режалаштирилган келишувлар бўйича олдиндан тайёргарлик ишларини олиб боради.

Рўзи Назар Америка президентини совет иттифоқидаги сиёсий вазият ва миллатлараро муаммолар ҳақида хабардор қилиш учун Оқ уйга таклиф этилди. Шу ерда Пентагондан бир неча генераллар чақирилиб, улар президентга ҳарбий вазият ҳақида маълумот беришди. Кейин эса бу маълумотларни баҳолаш президентнинг вазифаси эди.

Қайта қуриш сиёсати ва марказий ҳокимиятнинг заифлашиши иттифоқдош республикаларда миллий озодлик ҳаракатларининг кучайишига олиб келди. Айнан шундай сценарий ҳақида Рўзи Назар ўнлаб йиллар олдин гапирган эди – у миллий масала совет давлатининг келажакда парчаланишига олиб келиши мумкин бўлган асосий омиллардан бири эканини таъкидлаган. 1991 йилда унинг бу башорати кўп жиҳатдан рўёбга чиқди. Москвада август ойидаги тўнтаришга уриниш – ПУТЧ муваффақиятсиз тугагач, совет иттифоқи батамом парчаланиб кетди ва собиқ совет республикалари мустақилликка эришди.

Ҳаётининг сўнгги йиллари

Орзулар рўёбга чиққанда

1991 йил сентябрида Ўзбекистон Олий Кенгаши мамлакат мустақиллигини эълон қилди. Бу Назар учун бутун умри давомида кутиб келган тарихий лаҳза эди.

Ярим асрдан ортиқ вақтни хорижда ўтказгандан сўнг, Назар ниҳоят ватанига қайтиш имконига эга бўлди. 1992 йил май ойида у 50 йиллик танаффусдан сўнг илк бор Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ўзбекистонда Назар давлат даражасида қабул қилинди. Уни мамлакат президенти Ислом Каримов ва ҳукумат вакиллари кутиб олишди. Кўплаб одамлар учун у ўнлаб йиллар давомида совет тизимига қарши чиққан ва Марказий Осиё халқлари мустақиллиги ғоясини қўллаб-қувватлаган сиёсий муҳожирлар авлодининг рамзи эди. Тошкентда ўтказган 4 куни давомида Рўзи Назар кўплаб инсонлар билан учрашди. Тошкент давлат телевидениеси у ҳақда ярим соатлик ҳужжатли филм ҳам тайёрлади.

Баҳслар сабаб тақдир

Рўзи Назар 2015 йил 30 апрелда Туркияда 98 ёшида вафот этди. Назарнинг дўсти, Туркия миллий разведка ташкилотида агент бўлиб ишлаган Энвер Алтайли у ҳақида китоб ёзди.

Рўзи Назарнинг охирги суратларидан бири

Таъкидлаш жоизки, миллий масала совет давлатидаги энг мураккаб муаммолардан бири бўлган, худди подшолик давридаги каби. Ленин бу масалани кўплаб мақолаларида муҳокама қилган. Сталин ҳам жиддий эътибор қаратган. Инқилобдан олдин Ленин ва унинг ҳамфикрлари подшолик Россиясини дунёдаги энг катта “халқлар қамоқхонаси” деб танқид қилиб, рус бўлмаган халқларга мустақиллик ваъда қилган эди.

Бироқ инқилобдан сўнг совет иттифоқида яшовчи бу халқлар алданганини тушуниб етдилар ва шу сабабли Иккинчи жаҳон урушида айримлари немислар томонида урушга кирди. Улар нацистлар совет иттифоқини йўқ қилиб, ўз миллий давлатларини барпо этишларига ёрдам беради, деган умидда эдилар.

Аммо немислар Шарқий Европада ҳудудларни эгаллай бошлаб, ҳатто Москвага яқинлашганида, натижа умуман бундай бўлмаслиги аниқлашди, деб ёзади муаллиф. Алтайли Назарни туркий дунёнинг буюк ватанпарвари ва Туркистоннинг азиз ўғли деб атаган.

Рўзи Назардан ўғли Эркин ва қизи Силвия қолган. Айни пайтда 78 ёшга тўлган Силвия Колумбия университети бизнес-журналистика профессоридир.

Рўзи Назарнинг қизи Силвия Назар

Яна бир гап. Кўпчилик машҳур математик даҳо Жон Нэшни яхши билади. У ҳақида “Тафаккур ўйинлари” филми суратга олинган. Қизиғи шундаки, айнан Рўзи Назарнинг қизи Силвия 1998 йилда нашр этилган, Нобел мукофоти совриндори ва математик гений Жон Нэш ҳаёти ҳақидаги “Гўзал тафаккур” номли биографик китоб муаллифидир.

Силвия Назар китоби

“Айнан шу китоб машҳур “Тафаккур ўйинлари” филми сценарийсига асос бўлган, бош ролни эса Рассел Кроу ижро этган.

“Тафаккур ўйинлари” филми постери

Энди Рўзи Назар нега бутун умри давомида совет тизимига қарши чиққанини тушуниб етган бўлсангиз керак. У репрессияларни, ўз акаси қатл этилганини, зиёлиларнинг таъқиб қилиниши ва уни ватанидан ажратиб қўйган ўнлаб йиллик муҳожирликни ўз кўзи билан кўрган.

Шунингдек, нега бугунги Россияда унинг номи ҳалигача кескин муносабат уйғотиши ҳам тушунарли. Москва учун у ўнлаб йиллар давомида совет тизимига қарши ишлаган ва миллий ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган шахслардан бири эди. Бу ҳаракатлар эса охир-оқибат совет иттифоқи парчаланишида ўз ролини ўйнаган.

Гарчи Россия пропагандаси Рўзи Назарни хиёнаткор ва идеологик рақиб деб баҳоласа-да, Ғарб таҳлилчилари уни совуқ уруш давридаги қарама-қаршиликда энг самарали шахслардан бири сифатида баҳолайдилар.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid