Тарихий воқеа: Ўзбекистон БМТнинг муҳим тузилмаси аъзосига айланди
Мамлакат ўз тарихида илк бор БМТнинг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов масалалари бўйича комиссиясига 2027–2029 йиллар даврига аъзо этиб сайланди.

Ўзбекистон Республикаси БМТнинг муҳим тузилмаси аъзосига айланди.
Ўзбекистон ўз тарихида илк бор БМТнинг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов масалалари бўйича комиссиясига 2027–2029 йиллар даврига аъзо этиб сайланди. Сайловлар Нью-Йорк шаҳрида, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг (ECOSOC) сессияси доирасида бўлиб ўтди.
Осиё-Тинч океани минтақавий гуруҳи доирасидаги 4 та ўрин учун бешта давлат — Ўзбекистон, Хитой, Япония, Ҳиндистон ва Саудия Арабистони даъвогарлик қилди.
Ҳиндистон овоз бериш арафасида ўз номзодини қайтариб олган бўлса, Ўзбекистон номзоди ECOSOCнинг барча аъзолари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
1992 йилда Венада ташкил этилган ушбу Комиссия жиноятчиликка қарши курашиш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш бўйича глобал сиёсатни белгиловчи асосий орган ҳисобланади. Комиссия таркибига АҚШ, Буюк Британия ва Жанубий Африка каби давлатларнинг ҳам сайланиши ушбу тузилманинг нуфузи нақадар юқори эканлигидан далолат беради. Ўзбекистоннинг ушбу органга аъзо бўлиши мамлакатимизнинг халқаро майдондаги мақоми сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини ва глобал кун тартибини шакллантирувчи субъектга айланаётганини кўрсатади.
Уч йиллик аъзолик муддати 2027 йил 1 январдан бошланади ва мамлакатимиз учун бир қатор муҳим имкониятларни тақдим этади. Жумладан:
-жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича халқаро норма ва стандартларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этиш;
- ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда масъулиятли ҳамкор сифатидаги нуфузни мустаҳкамлаш;
- БМТ тузилмалари ва етакчи хорижий ҳамкорлар билан амалий муносабатларни кенгайтириш;
- миллий одил судлов тизимини модернизация қилиш учун халқаро экспертлик ва техник кўмакни жалб қилиш.
Ушбу муҳим воқеа муносабати билан Ўзбекистоннинг Комиссиядаги иштирокини самарали ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади, унда ИИВ, Бош прокуратура, Олий суд ва бошқа органлар учун айнан ушбу йўналишдаги вазифалар белгиланади.
Шунингдек, 2026 йил июнь ойида Венада бўлиб ўтадиган Комиссиянинг 35-сессиясида Ўзбекистон делегациясининг иштирок этиши ва мамлакатимизнинг устувор йўналишлари ҳақидаги маърузаси режалаштирилган.
