platina.uz
Спорт

Президент спорт мактабларидаги ҳолатни танқид қилди

Тошкент шаҳрининг 15 та мактабида тўгараклар "номига" ташкил қилинган. Жиззах, Қашқадарё, Фарғонадаги мактаб ўқувчиларининг тўртдан бири жисмоний тайёргарлик бўйича минимал талабни бажара олмаган. 

Президент спорт мактабларидаги ҳолатни танқид қилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.

Мактабларда спорт тури бўйича тўгараклар ташкил этиш ва мураббийларни маҳаллаларга жалб қилиш ишларининг аҳволи таҳлил қилинди.

Масалан, Тошкент шаҳрининг 15 та мактабида тўгараклар "номига" ташкил қилингани учун 3-4 нафар бола қатнаётгани кўрсатиб ўтилди. Ёки ўтган йили Жиззах, Қашқадарё, Фарғонадаги мактаб ўқувчиларининг тўртдан бири жисмоний тайёргарлик бўйича минимал талабни бажара олмаган.

Ҳокимлар олдига ҳар бир мактабда спорт тўгараклари учун шароит яратиш, тўгаракларга қамровни ошириш вазифаси қўйилди.

Спорт мактаблари маҳаллама-маҳалла юриб, иқтидорли ёшларни топиш ўрнига ҳалигача ўзи келган тайёр спортчи билан ишлаётгани қайд этилди. Масалан, спорт базалари бўйича пойтахтдан кейин турадиган Самарқандда 100 минг ёшни профессионал шуғуллантирса бўлади. Амалда бу 3 карра кам. Навоий, Сурхондарё вилоятлари ҳам бор қувватини ярмидан фойдаланмоқда, холос.

Йиғилишда ихтисослашган спорт мактабларининг оддий спорт мактабидан фарқи қолмаганига эътироз билдирилди.

Масалан, Термиз шаҳридаги 4 та ихтисослашган мактабнинг натижаси Жарқўрғондаги битта спорт мактабичалик бўла олмаяпти. Жарқўрғон спорт мактаби ўтган йили Осиё ва жаҳон чемпионатларида 6 та соврин олган бўлса, вилоятдаги 4 та ихтисослашган мактабда эса жами 1 та медал мавжуд.

Ҳар бир ихтисослашган спорт мактаби директори, жамоаси ва мураббийларнинг иш услубини ўзгартириб, ўсиш нуқталарини аниқ белгилаб, ойлик маошини ўқувчисининг натижасига боғлаш зарурлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга ютуқларга эришган спорт мактабларини амалдаги рағбатлантириш миқдорига қўшимча яна 500 миллион сўмдан алоҳида мукофотлашни йўлга қўйиш топширилди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid