Ўзбекистонда илк бор сувсизликка чидамли галофит боғлари ташкил этилди
Бу лойиҳа чўлланишни камайтириш учун Хитой тажрибаси асосида Арнасой, Қоракўл, Муборак, Кармана ва Нукус туманларида амалга оширилди.

Президент Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этмоқда.
Ўтган йилда Хўжайли, Янгибозор, Ғиждувон, Балиқчи ва Оҳангарон туманларида йилига 5,5 миллион туп манзарали дарахт кўчатлари етиштириш имконини берадиган замонавий кўчатхоналар ишга туширилди.
Бундан ташқари, чўлланишни камайтириш учун Хитой тажрибаси асосида жорий йил илк бор Арнасой, Қоракўл, Муборак, Кармана ва Нукус туманларида 50 гектар майдонда сувсизликка чидамли галофит боғлари яратилди.
Бу ерда етиштирилган галофит уруғлари келгусида минглаб гектар ерларда шўрланишни камайтириб, тупроқ унумдорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Умуман, ўтган қисқа даврда республикада яшиллик даражаси 8 фоиздан 14,2 фоизга ошди.
“Ушбу хайрли ишларимизга кўпни кўрган нуронийларимиз, шижоатли ёшларимиз, ташаббускор бизнес вакиллари, меҳнат жамоалари, юз минглаб юртдошларимиз муносиб ҳисса қўшаётгани барчамизни қувонтиради”, – деди Президент.
