Президент “Hyundai Rotem” юқори тезликда ҳаракатланувчи поездида Нарпайга борди
Поезд Ўзбекистон иқлими учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, чангга, жуда юқори ва жуда паст ҳароратларга ҳамда қум бўронларига чидамли тизимлар билан жиҳозланган, узоқ масофаларга мўлжалланган. Нарпайда Президент гидропоника усулида ташкил этилган қулупнайчилик иссиқхонаси фаолияти билан танишди.

Президент Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари билан биргаликда юртимизга олиб келинган янги “Hyundai Rotem” юқори тезликда ҳаракатланувчи поездида Самарқанд шаҳридан Нарпай туманига келди.
Буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди номи билан аталган ушбу поезд мамлакатимизга етказиб берилиши режалаштирилган олтита “Hyundai Rotem” поездларидан биринчиси. Поезд етти вагондан иборат, соатига 260 километргача тезликда ҳаракатлана олади.
Ойналари қорайтирилган оқ рангли таркиб Ўзбекистон байроғини эслатувчи мовий, яшил ва қизил рангли чизиқлар ҳамда “Жалолиддин Мангуберди” ёзувига эга. Поезднинг узунлиги 175 метрни, сиғими эса учта – ВИП, бизнес ва эконом тоифаларида 390 нафарга яқин йўловчини ташкил этади.
Поезд Ўзбекистон иқлими учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, чангга, жуда юқори ва жуда паст ҳароратларга ҳамда қум бўронларига чидамли тизимлар билан жиҳозланган, узоқ масофаларга мўлжалланган.
Яқин орада “Жалолиддин Мангуберди” поезди Тошкент – Урганч – Хива йўналиши бўйлаб қатнай бошлайди. Қатнов вақти 7 соатни ташкил этиши кутилмоқда.
Сафар чоғида давлатимиз раҳбари вилоят фаоллари, меҳнат фахрийлари ва илғор ёшлар билан самимий суҳбатлашди.
Юртимизда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришлар, тобора кўпайиб бораётган йирик лойиҳалар, одамлар фаровонлиги ва қулайлиги учун амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар ҳақида фикр алмашилди.
Нарпайга келгач, Президентимиз гидропоника усулида ташкил этилган қулупнайчилик иссиқхонаси фаолияти билан танишди.
Самарқандда азалдан деҳқончилик маданияти ривож топган. Ер ва сувдан унумли фойдаланиш бўйича тажриба катта. Нарпай туманида ҳам ҳар қарич ер майдони ва мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, илғор агротехнологияларни жорий этишга эътибор ортиб бормоқда.
Бугун гидропоника усулида маҳсулот етиштириш амалиётига талаб катта. “Нарпай қулупнай” корхонаси ана шундай инновацион ёндашувни амалиётга татбиқ этиб, юқори иқтисодий самарадорликка эришаётган илғор тадбиркорлик субъектларидан бири ҳисобланади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 650 минг долларни ташкил этиб, бир гектар майдонда замонавий иссиқхона барпо этилган. Мазкур иссиқхонада йилига 50 тонна қулупнай етиштириш имконияти мавжуд.
Айни пайтда корхона “Нарпай қулупнайлари” бренди остида маҳсулотларини маҳаллий йирик савдо тармоқларига етказиб бермоқда. Бу эса ички бозорни сифатли ва экологик тоза маҳсулотлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Гидропоника технологияси асосида қулупнай тупроқсиз, махсус озуқавий эритмалар ёрдамида парваришланади. Ўсимлик илдизлари ерда эмас, балки сувни яхши ўтказувчи кокос қипиғи муҳитида ривожланади. Бунда қулупнай зарур минерал моддаларни тўғридан-тўғри сув орқали қабул қилади. Бу эса ўсимликнинг энергия сарфини камайтириб, ўсиш жараёнини тезлаштиради. Ҳосилдорлик анъанавий усулларга нисбатан бир неча баравар юқори бўлади.
Шу билан бирга, гидропоника технологияси кичик майдонда катта ҳажмда маҳсулот етиштириш имкониятини яратади. Энг муҳими, тупроқдан фойдаланилмаслиги туфайли сув сарфи 80 фоизгача камаяди. Ўсимлик касалликлари хавфи паст бўлгани сабабли кимёвий воситалардан фойдаланиш минимал даражага туширилади. Бу эса маҳсулотнинг экологик тозалигини таъминлашга хизмат қилади ва бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб беради.
Иссиқхонада сув тежамкор технологиялар жорий этилган. Хусусан, ёмғир сувини тўплаш ва ундан самарали фойдаланиш мақсадида катта сиғимли сув ҳавзаси барпо қилинган. Шунингдек, автоматлаштирилган гидропоника ускуналари, қуёш панеллари ва энергия тежамкор ёритиш тизимлари ўрнатилгани ишлаб чиқариш харажатларини камайтирмоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йил давомида барқарор етказиб беришни таъминлашда бундай лойиҳаларнинг аҳамияти алоҳида экани таъкидланди. Тадбиркорнинг истиқболдаги ривожланиш режалари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Хусусан, келгусида лойиҳани кенгайтириш, қўшимча равишда 60 гектар майдонда янги иссиқхоналар барпо этиш режалаштирилган. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш ҳажми йилига 300 минг тоннагача ошади. Янги иш ўринлари яратилади.
Давлатимиз раҳбари бундай усулдаги иссиқхоналарни аҳоли хонадонларида ҳам кўпайтириш орқали барқарор даромад манбаларини яратиш муҳимлигини таъкидлади.
– Бугун барча соҳада бўлгани каби мазкур йўналишда ҳам сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш зарур. Агар ишлар тўғри ташкил этилиб, одамларни бу иш билан шуғулланишга ўргатсак ва буни Нарпай тажрибаси сифатида кенг оммалаштирсак, халқимиз гидропоника усулида йил давомида ҳосил етиштириб бозорни ҳам тўлдиради, яхшигина даромад ҳам қилади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Шавкат Мирзиёев Нарпай туманида жойлашган “Мароқанд сифат” кластери тизимида чиқиндисиз технология тамойили асосида иш олиб бораётган корхона фаолияти билан танишди.
Кластерда пахта етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ қиймат занжири шакллантирилган. Хусусан, пахта ва уруғлик етиштириш, ёғ-мой ишлаб чиқариш, тола ва ип-калава тайёрлаш, шунингдек, тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқаришни қамраб олган 25 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилган. Бундай ёндашув қишлоқ хўжалиги ва саноатни узвий боғлаш орқали юқори қўшимча қиймат яратиш имконини бермоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида корхона ип-калава ишлаб чиқариш бўйича йилига 5,5 минг тонна, тайёр трикотаж маҳсулотлари бўйича эса 1 миллион дона қувватга эга бўлди. Мазкур кўрсаткичлар 10 миллион долларлик экспорт салоҳиятини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса кластернинг ички ва ташқи бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлашга замин яратади.
Корхона фаолиятининг яна бир муҳим жиҳати аҳоли бандлигини таъминлашга қўшаётган ҳиссасидир. Айни пайтда бу ерда 1 минг нафар доимий иш ўрни яратилган бўлса, мавсумий ишлар даврида яна 3 минг нафар аҳоли иш билан таъминланмоқда.
“Мароқанд сифат” кластерининг мато қолдиқларини қайта ишлаш орқали ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонаси илғор ва самарали ташаббуслардан бири ҳисобланади.
Лойиҳа таркибида биолаборатория ҳамда тикув цехлари фаолият юритмоқда. Бу ерда ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, тикув цехларида фойдаланиб бўлинган мато қолдиқлари ташлаб юборилмайди. Улар замонавий, юқори тезликда ишловчи ускуналар орқали қайта ишланиб, яна ип-калава ҳолатига келтирилади. Ушбу йўналишда йиллик тола ишлаб чиқариш қуввати 5 минг тоннани ташкил этади. Бу эса ресурслардан самарали фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 7 миллион доллар бўлиб, у 3,3 гектар майдонда жойлашган. Корхонада 500 нафар аҳолининг доимий бандлиги таъминланган. Шу билан бирга, ишлаб чиқаришда энергия тежамкор технологияларнинг жорий этилгани унинг иқтисодий самарадорлигини янада оширмоқда.
Ҳозирда корхона ҳудудида қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, улар орқали ишлаб чиқариш жараёнида қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланилмоқда. Бу корхонанинг энергия харажатларини камайтириш билан бирга “яшил иқтисодиёт” тамойилларини амалиётга татбиқ этишга хизмат қилмоқда.
Президентимиз ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди ва тикув цехида меҳнат қилаётган ходимлар билан самимий суҳбат қурди.
– Сизлар билан учрашганимдан мамнунман. Бу ерда яратилган шароитлар, ташкил этилган иш ўринлари аҳолининг бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қиляпти. Ҳар бир амалга оширилаётган лойиҳа – юртимиздаги улкан ўзгаришларнинг бир қисми. Албатта, иш ўринларига талаб ошиб бормоқда. Шунинг учун биз янада фаол ишлаяпмиз, ҳар бир ҳудудда янги имкониятлар яратишга ҳаракат қиляпмиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу ернинг ўзида Президентимизга Нарпай туманида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар тақдимот қилинди.
Нарпай туманидаги 8 та насос станция ДХШ асосида хусусий секторга берилган. Ўтган даврда 21 та насос агрегатлари 12,3 миллиард сўм инвестиция киритиш ҳисобига янгилангани натижасида йиллик энергия истеъмоли 68,1 миллион киловатт-соатдан 34,1 миллион киловатт-соатгача камайтиришга эришилди.
Умуман, Самарқанд вилоятининг сув хўжалигига янги илмий ёндашувлар жорий қилинмоқда. Бу борада илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимига илмий маслаҳатчи бириктирилмоқда. Шунингдек, соҳада дуал таълим йўлга қўйилиб, 72 нафар талабанинг сув хўжалиги, қишлоқ хўжалигини механизациялаш, гидротехника ва гидроэнергетика, кадастр ва экология йўналишларида 6 ойлик узлуксиз амалиёти йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари бу ишларни изчил ва тизимли давом эттириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
