30 млн сўмдан 70 млн сўмгача: тоғ-кон саноатидаги юқори маошлар маълум қилинди
Бу йилнинг ўзида ишга тушадиган лойиҳалар ҳисобга олинса, мисни чуқур қайта ишлаш қувватлари 240 минг тоннага етади. Олтин қазиб чиқариш ҳажми ўтган йили 118,4 тоннага етказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросими бошланди.
Сўнгги йилларда тоғ-кон саноати тубдан ислоҳ қилинди. Илгари қимматбаҳо ва рангли металларни қазиб олиш билан 2 та комбинат шуғулланар эди.
Конларни инвесторларга бериш бўйича шаффоф тизим яратилгани ҳисобига тўққиз йилда 10 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилди. Бугун соҳада 65 та хусусий корхона фаолият юритмоқда.
Мустақилликнинг дастлабки йигирма беш йилида олтин қазиб олиш ҳажми 63 тоннадан 87 тоннага ёки 24 тоннага ошган бўлса, сўнгги тўққиз йилда бу яна 31 тоннага кўпайиб, ўтган йили 118,4 тоннага етказилди.
Худди шундай 2016 йилдан буён кумуш ишлаб чиқариш 1,6 баробар, уран 2,1 баробар, мис 1,4 баробарга оширилишига эришилди. Натижада соҳада ишлаб чиқариш 1,7 баробар ўсиб, ўтган йил 270 триллион сўмга етди.
Муҳими, юқори даромадли энг кўп иш ўринлари ҳам айнан шу соҳадаги корхоналарда экани таъкидланди. Бугун экскаватор машинисти 30 миллион сўмгача, бурғилаш мутахассислари ва катта самосвал ҳайдовчилари 40 миллион сўмгача, геолог ва маркшейдерлар 70 миллион сўмгача маош олмоқда.
Бу йилнинг ўзида ишга тушадиган лойиҳалар ҳисобга олинса, мисни чуқур қайта ишлаш қувватлари 240 минг тоннага етади. Яқин икки-уч йилдаги янги лойиҳалар ҳисобига қувватлар бундан ҳам ошади.
Дунёда ҳам мазкур хомашёга бўлган талаб кундан кунга ортиб бораётгани таъкидланди. Чунки мис бугунги кунда саноат, энергетика, электротехника, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, “яшил” тараққиёт учун стратегик хомашёга айланиб бўлди.
“Кимки мис саноатида юқори қиймат занжирини яратса, келажак саноатини барпо этган бўлади. Қайси давлат бу хомашёни чуқур қайта ишлаш учун кучли инфратузилма яратса, у минглаб оилаларга даромад, ҳудудларга тараққиёт, мамлакатга қудрат олиб келади.
Шу боис, биз ислоҳотларимизнинг илк кунларидан геология-қидирув ишларига алоҳида эътибор қаратиб, мавжуд захиралар ва уларни ишга солиш бўйича имкониятларимизни белгилаб олдик”, – деди Президент.

Мисол учун, “Ёшлик-1” кони. Яқин-яқингача кўпчилик “Бу конни ўзлаштириш қийин, имкониятимиз етмайди, эплай олмаймиз” деб ўйларди. Ваҳоланки, жорий йилнинг ўзида ушбу кондан 20 миллион тонна руда қазиб олинади. Бу рақам келгуси икки йилда 60 миллион тоннага етади.
