Тошкентда ФВБ ходими қамоққа олинди
У корхона ҳудудига ўрнатилган ёнғин хавфсизлиги жиҳозларини қабул қилиш бўйича баённомани расмийлаштириб бериш эвазига пул талаб қилган.

ФВБ ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Унда Янгиҳаёт тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими кичик инспектори ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, маҳаллий МЧЖ раҳбаридан 1500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, ФВБ ходими ҳамкасблари орқали, МЧЖ томонидан мазкур туманда фаолият юритувчи корхона ҳудудига ўрнатилган ёнғин хавфсизлиги жиҳозларини қабул қилиш бўйича баённома расмийлаштириб бериш эвазига пул талаб қилган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввал Наманган ва Сурхондарёда энергетика ходимлари ушланганди.
Косонсой тумани электр тармоқлари корхонасининг 2 нафар муҳандиси тадбиркордан 17 млн сўм олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
