platina.uz
Жамият

Тошкентда йўл ўтказгич девори ўпирилиб тушди

Жабрланганлар қайд этилмаган. Пойтахт ҳокимлиги қоидабузарликлар ёки ишларнинг лозим даражада бажарилмаганлиги аниқланса, масъул шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишини билдирди. 

Тошкентда йўл ўтказгич девори ўпирилиб тушди

Тошкентда Темур Малик ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмаси атрофидаги туннел йўлида тиргак деворнинг бир қисми ўпирилиб тушди.

Воқеа жойига зудлик билан авария хизматлари, техник мутахассислар ва масъул ташкилотлар вакиллари юборилган.

Ҳодиса содир бўлган ҳудуд ўраб олинган, зарур хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, ҳозирда комплекс техник текширув ўтказилмоқда.

"Текширув якунланмагунча, узил-кесил хулоса чиқаришга ҳали эрта. Дастлабки тахминлар қаторида сўнгги кунлардаги кучли ёғингарчилик таъсири, жумладан, тупроқнинг ҳаддан ташқари намланиши ва конструкцияга тушадиган юкламанинг ортиши каби омиллар кўриб чиқилмоқда. Шу билан бирга, лойиҳавий ечимлар, қурилиш-монтаж ишлари сифати, дренаж тизимининг ҳолати, қурилиш назорати ҳамда объектни қабул қилиб олиш тартиби каби барча тегишли ҳолатлар ҳам текширилмоқда", дейилади ҳокимлик баёнотида.

Техник текширув якунлари бўйича тиклаш ишлари юзасидан қарор қабул қилинади. Қоидабузарликлар ёки ишларнинг лозим даражада бажарилмаганлиги аниқланса, масъул шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.

Тасдиқланган маълумотлар келиб тушишига қараб, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари расмий каналлар орқали қўшимча тарзда хабардор қилиб борилади.

ФВВ маълумотига кўра, жабрланганлар йўқ.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid