Али Хоманаийнинг ўғли Эронга янги раҳбар бўлди – ОАВ
56 ёшли Можтаба отасининг империяси соясида фаолият юритган, таъсир доираси катта, аммо омма кўзидан йироқ шахс ҳисобланади.

Али Хоманаийнинг 56 ёшли ўғли Можтаба Хоманаий Эрон олий раҳбари лавозимига асосий номзод бўлди. Бу ҳақда The New York Times ва бир қатор Ғарб нашрлари хабар бермоқда.
Лондондаги Iran International телеканали 3 март оқшомида Экспертлар кенгаши Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) босими остида Можтаба Хоманаийни мамлакатнинг янги олий раҳбари этиб сайлаганини хабар қилди. Германиянинг Deutsche Welle нашри ҳам шундай хабар берган, аммо ҳозирча расман тасдиқланмаган.
The New York Times манбалари ҳам Можтаба Хоманаийнинг танланишини ИИҚК талаб қилаётганини айтган. Эрон олий раҳбари лавозимига бошқа даъвогарлар сифатида Экспертлар кенгаши аъзоси, оятуллоҳ Алиризо Арофий ҳамда Ислом республикаси асосчиси оятуллоҳ Хомейнийнинг набираси Ҳасан Хомейний кўрсатилмоқда.
56 ёшли Можтаба отасининг империяси соясида фаолият юритган, таъсир доираси катта, аммо омма кўзидан йироқ шахс ҳисобланади, дейилган нашр хабарида.
Мамлакатни 1989 йилдан буён бошқариб келган Эрон олий раҳбари Али Хоманаий 28 феврал куни Исроил ва АҚШ зарбалари натижасида ўлдирилганди. Ҳозирда мамлакатни уч кишидан иборат вақтинчалик кенгаш бошқармоқда.
