Нега Рамазонда хурмо билан оғиз очишади?
Хурмо рўзадан сўнг организмни енгил ва табиий тарзда қувватлантиради, сув мувозанатини сақлашга ёрдам беради, ҳазм жараёнини рағбатлантиради ва ортиқча овқатланишнинг олдини олади.

Миллионлаб мусулмонлар бутун дунё бўйлаб Рамазон ойида қуёш ботганда бир хил амални бажарадилар – кундузги рўзадан сўнг оғиз очиб, ифторлик қилишади. Кўпчилик хурмо билан оғиз очади. Ушбу муқаддас рўза, ибодат ва тафаккур ойи давомида соғлом мусулмонлар исломнинг беш рукнидан бирини адо этиб, тонг отишидан то қуёш ботгунига қадар еб-ичишдан тийиладилар.
Бироқ нега айнан хурмо билан оғиз очилади? Бу мажбурийми ёки анъанами?
Саломатлик учун муҳим мева
Хурмо мусулмонлар ҳаётида, айниқса, Рамазон ойида алоҳида ўрин тутади. Нега мусулмонлар хурмони шунчалик яхши кўрадилар ва кўпинча шу мева билан оғиз очадилар, у қандай фойдали хусусиятларга эга?
Қизиғи шундаки, хурмо номи Қуръони Каримда 25 мартадан ортиқ зикр қилинган. Бу Аллоҳ таоло ушбу мевага улкан фойда ва барака ато этганига ишорадир. Араб оламида хурмони “саҳро келини”, “саҳро нони” ва “ҳаёт меваси” деб аташади.
Қадим замонларда хурмо кўпчилик учун ягона озуқа бўлган, одамлар унинг шарофати билан тирик қолганлар, жангчилар уни сафарларга олиб чиққанлар, оналар болаларини шу билан боққанлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг завжалари Оиша (р.а.) ривоят қилганларки, улар очликдан фақат хурмо ва сув туфайли қутулганлар. Ушбу данакли мева соғлиқ учун ҳам жуда фойдали бўлиб, барча рўзадорлар учун идеал озуқа ҳисобланади.
Олимларнинг айтишича, суннатга мувофиқ оғиз очиш ҳам ана шу ажойиб маҳсулот ёки сув билан амалга оширилади. Бунинг инсон учун фойдаси бор, чунки узоқ вақт еб-ичишдан тийилгандан кейин иссиқ ва оғир таом ҳазм тизими учун оғирлик қилади. Хурмо эса очликни босади, энергия захирасини тўлдиради ва организмни ортиқча зўриқтирмайди.
Абу Довуддан ривоят қилишларича, Аллоҳнинг расули с.а.в. айтганлар:
“Сизлардан бирингиз оғиз очмоқчи бўлса, хурмо билан оғиз очсин. Агар хурмо топа олмаса, сув билан оғиз очсин, зеро у покловчидир”.
Яна бир ҳадисда:
“Сизлардан бирингиз рўзасини очса, уни хурмо билан очсин, чунки у баракадир. Агар хурмо топа олмаса, сув билан очсин, чунки у покловчидир”, деб марҳамат қилинган. (Термизий ривояти).
Кўплаб мусулмон мамлакатларида ифтор пайтида кўчаларда хурмо тарқатиш одат тусига кирган. Рўзадорга ҳатто битта хурмо билан ифтор қилдириш учун ҳам катта савоб ваъда қилинган.
Ноёб озуқавий хусусиятлар
Хурмонинг озуқавий таркиби уни узоқ давом этган рўзадан кейин истеъмол қилиш учун жуда мос қилади.
Олимларнинг айтишича, оғиз очганингизда танангиз энергия манбаи сифатида зарур бўлган глюкозани ишлаб чиқаришга ҳаракат қилади. Хурмода қанд миқдорининг юқори бўлиши қондаги шакар миқдорини бошқа – ҳазм бўлиши узоқроқ вақт талаб қиладиган маҳсулотларга нисбатан тезроқ оширишга ёрдам беради. Хурмонинг ноёб мевалиги шундаки, унинг таркибида оддий қандлар билан бирга мураккаб углеводлар ҳам мавжуд.
Бу шуни англатадики, мевалар энергияни секин-аста ажратади, бу эса узоқ вақт давомида овқатлана олмаган ҳолатда жуда мос келади. Улар B6, A ва K витаминларига, шунингдек, темир моддасига бой бўлиб, қисқа вақт ичида организмга зарур барча озиқ моддаларни олишга ёрдам беради. Аммо энг муҳими, қандли диабетга чалинган инсонлар учун хурмо ейиш тавсия этилмайди.
Сув мувозанатини сақлаш
Хурмо қуритилган мева бўлишига қарамасдан, организмда сув мувозанатини сақлашга ҳам ёрдам беради. Унинг таркибида калий электролити мавжуд бўлиб, у сувни “магнит” каби ўзига тортади ва суюқликни ҳужайраларга жалб қилади. Кўпчилик рўзани хурмо ва сув билан очади, бу ҳам энергия олиш, ҳам сув мувозанатини сақлаш учун жуда мақбул иш. Шунинг учун аксарият ҳолларда қўшимча электролитлар қабул қилишга ҳожат қолмайди.
Ортиқча овқатланиш
Айримлар Рамазон ойида вазн йўқотадилар, аммо кечки овқат пайтида ортиқча ейиш вазн ортишига ҳам олиб келиши мумкин. Анъанага кўра, мусулмонлар тоқ миқдорда хурмо ейдилар, сўнг қуёш ботиши билан намоз ўқийдилар ва шундан кейин ифтор дастурхонига қайтадилар. Организм толали хурмони ҳазм қила бошлаганда, яна кўпроқ ейиш истаги камайиши мумкин. Бу организмингизга керакли озуқа аллақачон олинганини англаш ва ҳазм жараёни бошланганини ҳис қилиш имконини беради.
Ҳазм қилиш жараёни
Қабзият ва қорин дам бўлиши – рўза тутаётган мусулмонлар орасида кенг тарқалган муаммолардир. Бунинг сабаби шундаки, кун давомида овқат ва суюқлик қабул қилиш одатда ичак перисталтикасини рағбатлантиради, узоқ рўза пайтида бу жараён сусаяди. Хурмо эса ичаклар орқали нажаснинг осон ўтишига ёрдам берувчи толаларнинг ажойиб манбаи ҳисобланади.
Маълумот учун, Буюк Британия миллий соғлиқни сақлаш хизмати бир кунда 30 грамм тола истеъмол қилишни тавсия этади. Баъзан Рамазон пайтида оддий углеводларга мойиллик сезишимиз мумкин, аммо овқатни олдиндан режалаштириб тайёрласак, таомларимизда етарли миқдорда тола бўлишини таъминлашимиз мумкин. Тола миқдорини оширишнинг яна бир оддий усули – таомларга ёнғоқ ва данак-уруғлар қўшиб истеъмол қилишдир.
Хурмони ёқтирмайдиганлар нима қилсин?
Вақти-вақти билан оч қолиш нафақат диний сабабларга кўра, балки соғлиқ учун ҳам оммалашган. Агар сиз хурмони ёқтирмасангиз, синаб кўриш мумкин бўлган юзлаб бошқа турлари бор. Уларнинг ҳар бири турлича тузилишга эга – айримлари чўзилувчан, айримлари жуда юмшоқ, баъзиларининг пўсти қалин, бошқалариники эса юпқароқ. Агар бу ҳам ёрдам бермаса, уларни мева-сабзавот шарбатли смузига аралаштиринг.
Ёки хурмо ва сутни аралаштиринг, бироз йогурт ва ёнғоқ қўшиш мумкин, яхшилаб блендердан ўтказиб ичинг. Улар ҳақиқатан ҳам саломатлик билан боғлиқ кўп муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадиган жуда фойдали маҳсулотлардир.
Фақат очлик ва тана тарбияси эмас, руҳ тарбияси ҳам муҳим
Демак, Рамазонда хурмо билан оғиз очиш – шунчаки одат ёки талаб эмас, балки чуқур маъно ва илмий ҳикматга эга анъана бўлиб қолган. У анъана, соғлиқ учун фойдали озуқа ва маънавий бараканинг уйғунлашган намунасидир. Хурмо рўзадан сўнг организмни енгил ва табиий тарзда қувватлантиради, сув мувозанатини сақлашга ёрдам беради, ҳазм жараёнини рағбатлантиради ва ортиқча овқатланишнинг олдини олади.
Албатта, оғизни фақат хурмо билан очиш мажбурий эмас. Аммо унинг маънавий аҳамияти ва тиббий фойдалари хурмони Рамазон дастурхонининг ажралмас қисмига айлантирган. Энг муҳими, ифтор пайтида меъёрни сақлаш, соғлиқни асраш ва бу муборак ойнинг руҳий-маънавий мазмунини англаб яшашдир.
Абулфайз Сайидасқаров
