platina.uz
Жамият

Юк вагонлари ишлаб чиқаришга қўшимча 100 млн доллар ажратилади

Натижада 1350 дона юк вагони етказиб берилади. Бунинг учун шу йилнинг ўзида саноат корхоналари қувватларини 1,5 баробарга ошириш вазифаси қўйилди. 

Юк вагонлари ишлаб чиқаришга қўшимча 100 млн доллар ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналарда юк вагонларини қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгуси йиллар учун режалар тақдимоти билан танишди.

Мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз логистика хизматлари билан таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Темир йўл транспортида кенг кўламли янгиланиш жараёнлари амалга оширилмоқда. Улар соҳани тубдан модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда вагон паркини босқичма-босқич янгилашга хизмат қилмоқда.

Хусусан, 2023-2025 йилларда қиймати 105 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида 1590 дона ярим очиқ юк вагони ишлаб чиқарилди. Бу эса ички ва халқаро ташувларда юк айланмасини ошириш, логистика занжирларининг барқарорлигини таъминлаш имконини бермоқда.

Шунингдек, 2025-2026 йилларга мўлжалланган 150 миллион долларлик янги босқичда юк ва йўловчи вагонларини қуриш, шу билан бирга, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидаги вагон ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида 954 дона юк ва 70 дона йўловчи вагонининг қурилиши бошланган.

Бугунги кунга қадар ушбу лойиҳа доирасида 45 дона йўловчи вагони ва 340 дона цистерна ишлаб чиқарилди. Жорий йил якунига қадар қўшимча равишда 614 дона юк ва 25 дона йўловчи вагонлари ишлаб чиқарилади.

Келгуси йилларда юк вагонларини ишлаб чиқариш ҳажмларини кескин ошириш учун яқинда Президентимиз алоҳида қарорни имзолаган эди. Ҳужжатга мувофиқ, қўшимча 100 миллион доллар маблағ ажратилиб, 1350 дона юк вагони етказиб берилади. Бунинг учун шу йилнинг ўзида саноат корхоналари қувватларини 1,5 баробарга ошириш ва 2 мингта юк вагонларини ишлаб чиқариш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбари вагон паркини янгилаш, ташиш ҳажмларни ошириш ҳамда харажатларни мақбуллаштириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid