Дам олиш кунлари ҳарорат пасайиб, ёғингарчилик кутилади
21 февралдан Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали нам ва салқин ҳаво массалари кириб келади. Ёмғир ва қор ёғиб, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

"Ўзгидромет" ҳарорат пасайиб, ёмғир ёғишини прогноз қилди.
Бугун кундузи Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Куннинг ўртасига келиб ҳаво 20-25 даража илиққача исийди. Бундай ҳарорат қиш фаслининг охириги ойига қараганда баҳор фаслининг ўрталарига хосдир.
Фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва кечга томон Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати республика шимолида 8-13 даража атрофида бўлади.
Эртага Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали нам ва салқин ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда.
21 феврал куни кечаси ва эрталаб республиканинг кўпчилик ҳудудларида (Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидан ташқари) ёмғир ёғади, баъзи жойларда момақалдироқ бўлиши мумкин. Фарғона водийси вилоятларида эрталаб ва куннинг биринчи ярмида ёмғир ёғиши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида 21 феврал куни ёғингарчилик (ёмғир, қор), баъзи жойларда кучли бўлади, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Шамол 7-12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 13-18 м/с гача кучаяди, айрим жойларда баъзида 20-25 м/с гача кучайиши мумкин.
21 февралда кундузги ҳаво ҳарорати меёрий қийматларгача пасаяди ва 9-14 даража илиқ атрофида бўлади.
22 феврал – якшанба куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчилик кутилмайди ва ҳарорат 15-18 даража илиққача кўтарилади.
Дам олиш кунлари кечаси ва эрталаб республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши мумкин.
Тошкентда: бугун кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 22-24 даража илиқ бўлади.
Эртага 21 февралда кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин, кундузи ёғингарчилик кутимайди. Ҳарорат кечаси ва кундузи 11-13 даража илиқ бўлади. 22 феврал – якшанба куни ёғингарчилик кутилмайди.
Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Ҳарорат кечаси 3-5 даража илиқ, кундузи 14-16 даража илиқ бўлади.
Шамол ўзгарувчан йўналишда 3-8 м/с тезликда эсади, 20 февралда кечқурун ва 21 февралда 10-12 м/с гача кучайиши мумкин.
