БМТнинг вақтинчалик чоралар тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби белгиланди
Мурожаат ТИВ орқали келиб тушгандан сўнг 1 кунда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва Адлия вазирлигига юборилади.

БМТнинг вақтинчалик чоралар тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби белгиланди.
Президент Фармони (ПФ–27-сон, 17.02.2026 й.) билан “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ–6012-сон Фармонга ўзгартиришлар киритилди.
Фармоннинг 3-иловасига киритилган ўзгартиришларга кўра, БМТнинг вақтинчалик чоралар тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби белгиланди.
Унга кўра, БМТнинг шартномавий қўмиталари томонидан юборилган вақтинчалик чоралар тўғрисидаги мурожаат Ташқи ишлар вазирлиги орқали келиб тушгандан сўнг 1 кун муддатда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Адлия вазирлигига юборилади.
Марказ 1 кун муддатда масъул давлат органларига сўровнома юбориб, улардан вақтинчалик чораларни амалга ошириш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш ва зарурат туғилганда, асосланган тушунтириш тақдим этишни сўрайди.
Давлат органлари 3 кун муддатда амалга оширилган чора-тадбирлар ёки амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлар юзасидан тушунтиришни Марказга тақдим этади.
Марказ ишчи гуруҳ билан биргаликда йиғилган маълумотлар асосида 3 кун муддатда Ҳукуматнинг расмий нуқтаи назарини шакллантиради ва Ташқи ишлар вазирлигига юборади.
Ҳукуматнинг расмий нуқтаи назари Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 2 кун муддатда БМТнинг шартномавий қўмиталарига юборилади.
