Тошкентда мартдан йўл қопламаларини таъмирлаш ишлари бошланади
Кучли ёмғирлар туфайли кўча-йўл тармоғининг айрим қисмларида қопламалар ҳолати ёмонлашган. Асосий ишлар ҳажми об-ҳаво шароити барқарорлашгандан ва замин намлиги пасайгандан сўнг режалаштирилган.

Тошкентда мартдан йўл қопламаларини таъмирлаш ишлари бошланади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.
Қиш мавсуми якунлангани ва кучли ёмғирлар туфайли кўча-йўл тармоғининг айрим қисмларида қопламалар ҳолати ёмонлашгани ва чуқурлар пайдо бўлгани кузатилмоқда.
Ҳозирги кунда йўл қопламаси бир қатор омиллар: қишки эскириш, музлашга қарши реагентлар қўлланиши, узоқ муддатли ёғингарчилик ва юқори намлик сабабли кучли юкланишга дуч келмоқда. Сув микроёриқларга кириб, қопламанинг устки қатлами ва асосини заифлаштириб, натижада нуқсонлар тезроқ намоён бўлмоқда, айниқса ҳаракат жадал бўлган йўлларда.
Бундай камчиликлар, одатда, қопламанинг хизмат муддати тугаш арафасида бўлган ва сезиларли жисмоний эскириш тўпланган участкаларда қайд этилади.
Кўча-йўл тармоғи текширувдан ўтказилиб, тикланиши лозим бўлган ҳудудлар рўйхати тузилди.
Шаҳарнинг умумий майдони 816 023 м² ни ташкил этади, жумладан:
• туманлар бўйича - 609 673 м²;
• шаҳар марказий кўчаларидан фойдаланиш ва уларни сақлаш бўйича ихтисослаштирилган бошқарма тасарруфидаги марказий кўчалар бўйича - 206 350 м².
Туманлар бўйича тақсимот (м²):
-Бектемир тумани — 53 160
-Мирзо Улуғбек тумани — 50 471
-Миробод тумани — 52 287
-Олмазор тумани — 48 087
-Сергели тумани — 50 529
-Учтепа тумани — 50 000
-Чилонзор тумани — 54 000
-Шайхонтоҳур тумани — 51 182
-Юнусобод тумани — 47 546
-Яккасарой тумани — 51 000
-Янгиҳаёт тумани — 51 000
-Яшнобод тумани — 50 411
Жорий об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда, давомли ёмғирлар пайтида қопламани тўлиқ технологик тиклаш барқарор натижани таъминламайди. Асосий ишлар ҳажми об-ҳаво шароити барқарорлашгандан ва замин намлиги пасайгандан сўнг режалаштирилган, дейилади хабарда.
Фаол босқич бошланишининг тахминий муддати — март ойининг биринчи ўн кунлиги.
2026 йилда йўл қопламасини босқичма-босқич тиклашдан ташқари (шу жумладан, маҳаллий участкаларда карта ёки чуқур таъмирлаш), кўча-йўл тармоғи ва транспорт инфратузилмаси бўйича капитал инфратузилма ишларининг алоҳида ҳажми, шу жумладан алоҳида участкаларда йўл қопламасини режали таъмирлаш ва янгилаш кўзда тутилган.
Шунингдек, таъкидлаш лозимки, картали-чуқурли таъмирлаш ва капитал ишлар бир вақтнинг ўзида бир хил кўчаларда режалаштирилмайди. Булар турли босқичлар ва турли участкалар рўйхатидир. Маҳаллий нуқсонларни бартараф этиш хавфсиз ҳаракатланишни тезда тиклашга қаратилган бўлса, капитал ишлар алоҳида режа доирасида бошқа кўчаларни тизимли янгилашни назарда тутади.
