Тошкент вилоятида Президент раислигида йиғилиш бошланди
Раҳбарлар жон куйдириб, катта марра олиш ўрнига ҳеч қандай ўзгариш қилмаса ҳам ўз-ўзидан таъминланадиган режалар олгани кўрсатиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бошланди.
Давлат раҳбари ҳар бир вазир, ҳоким, тармоқ раҳбари соҳаси, тизими, корхоналарига янгича бошқарув олиб кириб, бор ресурслардан самарали фойдаланса, анъанавий экспорт бозорлари ва маҳсулотларига боғланиб қолмасдан, янги йўналишларни топиб, тадбиркорларга йўл очиб берса, сунъий интеллект, рақамлаштириш бўйича мутахассисларни жамлаб, инновациялар қилса, салоҳиятли ёшларни топиб, “стартап клуб”лар ташкил этса, уларнинг ишланмаларини корхоналарда қўлласа, янада юқори иқтисодий ўсишни таъминлашга барча имкониятлар борлигини таъкидлади.
Лекин кўп раҳбарлар жон куйдириб, катта марра олиш ўрнига ҳеч қандай ўзгариш қилмаса ҳам ўз-ўзидан таъминланадиган режалар олгани кўрсатиб ўтилди.
Сўнгги уч йилда саноатда қўшилган қиймат улуши 40,7 фоиздан 43 фоизга кўпайди. Лекин ушбу кўрсаткич автомобиль ишлаб чиқаришда атиги 20,7 фоиз, электр ускуналарида 29,3 фоиз, озиқ-овқат саноатида 30,1 фоиз, чарм саноатда 33,4 фоиз, кимё саноатда 40,4 фоизни ташкил қилиб, қўшилган қиймат пастлигича қолмоқда.
Ваҳоланки, 2023-2025-йилларда мана шу 5 та тармоққа жами 12 миллиард доллар инвестиция киритилди, 200 дан зиёд янги қувватлар ишга тушди.
Масалан, агротехнология ўзгаргани учун деҳқонлар далада суюқ ўғит ишлатишни афзал кўряпти. Лекин ҳалигача кимё заводлари бунга мослаша олгани йўқ. Фақат анъанавий минерал ўғит ишлаб чиқармоқда.
