Рамазон муносабати билан арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркалари йўлга қўйилади
Президент Тошкент вилоятидаги йиғилишда мазкур ташаббус билан чиқди. Ярмаркалар деҳқон бозорлари ва йирик савдо комплексларида иш бошлайди.

Президент ташаббуси билан арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркалари йўлга қўйилади.
Январ ойида йиллик инфляция даражаси 7,2 фоизни ташкил этди. Инфляциянинг 45 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, 13 фоизи гўшт ҳисобидан бўлган.
Гўштда импортга қарамликни қисқартириш учун озуқа масаласини ҳал қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Муборак туманида 5 минг гектар ер фойдаланишга киритилиб, маккажўхори экиш бошланаётгани барча учун намуна экани қайд этилди. Шу боис, бу йил қўшимча 60 минг гектарда бу ишларни ташкил қилиш топширилди. Бу қўшимча 350 минг чорва учун кафолатланган озуқа базаси бўлади.
Майда шохли қорамол наслини яхшилаш учун ўтган йил Мўғулистондан 100 минг қўй ва эчки олиб келинди. Бу йил ҳам мазкур ишлар давом эттирилиши белгиланди.
Ўтган йил 772 минг тонна картошка импорт қилинди. Жорий йилда мутасаддилар, ҳокимлар 4,5 миллион тонна картошка ҳосили олиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва меҳнат унумдорлиги маркази инфляция бўйича ички ва ташқи хатарларни олдиндан аниқлаб, уларга амалий ечим топиш масаласи билан шуғулланиши белгиланди.
Вазирликнинг ҳудудий бошқармаларида марказнинг 2 нафардан вакили бўлади. Марказ ҳар ҳафтада туман ва шаҳардаги бозорларни таҳлил қилиб, қайси маҳсулотга ҳозир қанча эҳтиёж борлиги, бир ой, уч ой, бир йилдан кейин талаб қандай ўзгаришини прогноз қилади.
Мавжуд қувватлар ва омборлардаги маҳсулотлар талабни қанчага қоплаши, етишмаган қисмини ниманинг ҳисобидан таъминлаши бўйича ҳар чоракда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари баланси шакллантирилади.
“Кейинги ҳафтадан муборак Рамазон ойи бошланади. Саховат, меҳр-оқибат ва шукроналик рамзи бўлган ушбу муқаддас кунларда ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим”, – деди давлатимиз раҳбари ҳамда деҳқон бозорлари ва йирик савдо комплексларида арзонлашган озиқ-овқат ярмаркаларини бошлаш бўйича топшириқ берди.
Йиғилишда тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
