platina.uz
Сиёсат

Президент Оҳангарондаги иккита корхона фаолияти билан танишди

Замонавий корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мозамбик, Камбоджа каби қатор давлатларга экспорт қилинади.

Президент Оҳангарондаги иккита корхона фаолияти билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 13 феврал куни Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманига ташриф буюриб, юқори кучланишли кабел маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Enco Group” корхонаси ва “Vades Group” компанияси фаолияти билан танишди.

“Enco Group” корхонаси Беларуснинг “Energokomplekt” компанияси билан ҳамкорликда “Eltech Industrial” технопарки ҳудудида 21 гектар майдонда барпо этилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 60 миллион долларни ташкил этади. Корхона тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг 600 га яқин янги иш ўрни яратилади.

Лойиҳа икки босқичда амалга оширилмоқда. Корхона йилига 25 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариши, экспорт салоҳияти 300 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Айни пайтда қурилиш ишларининг биринчи босқичи 98 фоизга якунланган, 10 миллион доллардан ортиқ инвестиция ўзлаштирилган. Корхона маҳсулотларини Германия, Латвия, Эстония, Болгария ва МДҲ давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йиллик экспорт ҳажми 140 миллион долларга етиши тахмин қилинмоқда.

Ўтган йили мамлакатимизга 400 миллион долларга яқин юқори кучланишли кабел маҳсулотлари ва изоляцияланган мис шиналар импорт қилинган. Корхона тўлиқ ишга туширилгандан кейин 150 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи шундай маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

“Vades Group” корхонасида идентификация учун мўлжалланган микропроцессор модуллари, сим-карталар, шунингдек, транспорт, ижтимоий ва халқаро тўлов карталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Корхона рақамли давлат хизматларини жорий этиш, фуқароларнинг кундалик эҳтиёжлари учун қулай ва хавфсиз тўлов тизимларини шакллантиришда зарур бўлган воситаларни ишлаб чиқаради.

Германиянинг “Infineon technologies” компанияси билан ҳамкорликда “Eltech Industrial” технопарки ҳудудида ташкил этилаётган корхонанинг умумий қиймати 15 миллион долларга тенг.

Айни вақтда қурилиш ишларининг иккинчи босқичи ўн беш фоизга бажарилиб, 7 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.

Ҳудуди 4 гектар майдонни эгаллаган замонавий мажмуада 100 га яқин янги иш ўрни яратилади, 6 миллион долларлик экспорт амалга оширилади.

Маълумот ўрнида, 2025 йил давомида мамлакатимизга 35 миллион долларлик микропроцессор модуллари, сим-карталар ва турли тўлов карталари импорт қилинган.

Мазкур корхона тўлиқ ишга тушиши ҳисобига 5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиб, бозордаги таннарх уч-беш фоизга пасайиши кутиляпти.

Замонавий корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мозамбик, Камбоджа каби қатор давлатларга экспорт қилинади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid