platina.uz
Жаҳон

Колумбияда самолёт ҳалокати: 15 киши қурбон бўлди

Ҳодиса сабаб ҳеч ким тирик қолмаган. Улар орасида мамлакат парламенти аъзоси Диогенес Қуинтеро Амая ҳам бор эди. 

Колумбияда самолёт ҳалокати: 15 киши қурбон бўлди

Колумбияда йўловчи самолёти ҳалокатга учради, бортдаги 15 кишининг барчаси ҳалок бўлди.

Қурбонлар орасида мансабдор шахслар, жумладан, парламент аъзоси Диогенес Қуинтеро Амая ҳам бор эди.

Колумбиянинг шимолий қисмида йўловчи самолёти қулаб тушди, натижада бортда бўлган 15 кишининг барчаси вафот этди. Бу ҳақда давлатга қарашли Сатена авиакомпанияси расман маълум қилди.

Баёнотда авиакомпания ўзига тегишли Beechcraft 1900 русумли самолёт авиаҳалокатга учраганини маълум қилди, бироқ қўшимча тафсилотлар берилмади. Самолёт қолдиқлари тоғли ҳудуддан топилган.

Расмий йўловчилар рўйхатида парламент аъзоси Диогенес Қуинтеро Амая ҳамда бўлажак парламент сайловларида номзод сифатида қатнашиши режалаштирилган Карлос Салcедо ҳам бор эди.

Сатена аввалроқ самолёт билан алоқа 28 январ куни маҳаллий вақт билан соат 12:05 да Венесуэла чегараси яқинидаги Оканя шаҳрига қўниши режалаштирилганидан 11 дақиқа олдин узилганини билдирган эди.

Авиакомпания маълумотига кўра, НСЕ 8849-рейси Оканядан тахминан 100 км шимоли-шарқда жойлашган Кукута шаҳридан ҳавога кўтарилган бўлиб, бортда 13 нафар йўловчи ва икки нафар экипаж аъзоси бўлган.

Тоғли ҳудудда қидирув-қутқарув ишлари бошланган, самолёт бортида бўлганларнинг яқинлари учун махсус ишонч телефони ҳам ташкил этилган.

Маҳаллий Семана нашрига берган интервьюсида Норте-де-Сантандер губернатори Уилям Вилламизар ҳозирга қадар етти нафар қурбоннинг жасади топилганини маълум қилди.

Колумбия қуролли кучлари самолёт йўқолган ҳудудда қидирув ишларига кўмаклашмоқда.

Колумбия президенти Густаво Петро Х ижтимоий тармоғида қурбонлар оилаларига ҳамдардлик билдириб, “Бу воқеадан чуқур қайғудаман”, деб ёзди.

Шунингдек, парламент аъзоси Қуинтеронинг Facebook саҳифасида унинг вафот этгани тасдиқланган баёнот эълон қилиниб, у ҳаёти давомида энг кўп ёрдамга муҳтож бўлганларга хизмат қилган инсон сифатида таърифланган.

Диогенес Қуинтеро Колумбия парламентидаги 16 та махсус ўриндан бирига эга эди. Ушбу ўринлар мамлакатда марксистик исёнчи гуруҳ — Колумбия Инқилобий Қуролли Кучлари (ФАРC) ва давлат ўртасидаги қуролли можаролар қурбонларини вакиллик қилиш учун ажратилган.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid