Шавкат Мирзиёев Осиё Олимпия кенгаши ассамблеясида нутқ сўзлади
Ўзбекистон раҳбари мазкур Кенгаш президенти лавозимига бир овоздан сайланган Шайх Жавъан бин Ҳамад ол Сонийни табриклади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеясидаги нутқ сўзлади.
Осиё Олимпия Кенгаши қитъамизнинг 4 миллиард 800 миллиондан ортиқ аҳолисини бирлаштириб, Олимпия ҳаракатининг дўстлик, ўзаро ҳурмат, адолат ва тенглик каби эзгу ғояларини фаол тарғиб этмоқда.
Президент Кенгаш Президенти лавозимига сайловда бир овоздан сайланган Шайх Жавъан бин Ҳамад ол Сонийни табриклади.
"Биз сўнгги йилларда Осиё Олимпия Кенгаши билан кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтардик.
Жумладан, 2022 йилда Осиё Олимпия Кенгаши Ижроия қўмитасининг 77-сессиясини мамлакатимизда муваффақиятли ўтказдик. Ушбу нуфузли Ташкилот томонидан Ўзбекистон вакили илк бор Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президент этиб сайланди.
2029 йилги Ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш учун айнан Ўзбекистон танланганини биз мамлакатимизга масъулиятли спорт ҳамкори сифатида берилган юксак баҳо, деб қабул қиламиз. Бу ишонч эса бизга қўшни ва қардош бўлган Марказий Осиё давлатлари билан спорт алоқаларини мустаҳкамлаш учун пухта замин яратмоқда", деди президент.
"Куни кеча юртимизда “World Aquatics” федерацияси Ижроия қўмитасининг йиғилиши ўтказилиб, унинг Минтақавий филиали ташкил этилгани Марказий Осиё спорт ҳамжамияти учун катта кўмак ва мадад бўлиши шубҳасиз.
Таъкидлаш жоизки, Осиё Олимпия Кенгаши амалга ошираётган ишларни бутун дунё спорт жамоатчилиги ҳар жиҳатдан тан олмоқда. Жумладан, Халқаро олимпия қўмитаси президенти Кирсти Ковентри хонимнинг Бош Ассамблеяга йўллаган видеомурожаати ҳам бунга яққол мисолдир.
Анжуманда Халқаро олимпия қўмитаси вакиллари сифатида Жеймс Маклеод ва Бирлашган кураш дунёси президенти Ненад Лалович иштирок этаётгани ҳам ана шундай юксак эътиборнинг далилидир.
Фурсатдан фойдаланиб, Ассамблея ишида биз билан бирга иштирок этаётган Халқаро антидопинг агентлиги президенти Витолд Банка, Халқаро гимнастика федерацияси президенти Моринари Ватанабэ, Оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Жалуд, “World Boxing” президенти Геннадий Головкин, Чим устида ҳоккей федерацияси президенти Муҳаммад Тайяб Икрам, Халқаро қиличбозлик федерацияси вице-президенти Анна Делгадо, Осиё Паралимпия қўмитаси раиси Мажид Рашид, Миллий Олимпия қўмиталари ассоциацияси Бош котиби Гунилла Линдберг, Африка Олимпия қўмиталари ассоциацияси президенти Мустафо Берраф жанобларига алоҳида ташаккур айтаман".
Тадбир доирасида Халқаро ва Осиё спорт ташкилотлари Ўзбекистон миллий спорт федерациялари билан 20 дан зиёд муҳим битимлар имзолади.