Энергетик чекловлар кутиляпти – вазирлик
Бугундан ҳаво ҳарорати кескин пасаяди. Айни пайтда кўп ҳудудларда қор ёғяпти.

Энергетика вазирлиги ҳаво кескин совиб кетиши оқибатида энергитика тизими кучайтирилган иш режимига ўтказилишини эълон қилди.
Электр, иссиқлик ва газ тармоқларида қўшимча техник кўриклар ўтказилиб, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш қувватлари мавжуд шароитга мослаштирилди. Масъул хизматлар 24/7 режимида иш олиб бормоқда.
"Совуқ кунларда энергияга бўлган талаб ортади. Айрим ҳудудларда вақтинчалик техник чекловлар бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда аҳоли ва ижтимоий объектларни барқарор таъминлаш устувор вазифамиз бўлади", дейилади вазирлик хабарида.
Вазирлик истеъмолчиларга электр энергияси ва табиий газдан оқилона фойдаланиш, иситиш ускуналаридан тежамкорлик билан фойдаланишни тавсия қилган.
Ўзгидромет хабарига кўра, кўплаб ҳудудларда қор-ёмғир ёғиши сабабли ҳаво ҳарорати айрим жойларда -7 даражагача совиб кетиши мумкин.