Дипломатлар ва ТИВ ходимларининг ойлик иш ҳақи кўпайтирилди
Эндиликда элчилар фаолият юритаётган давлатдан экспорт тушумлари, туристлар оқими, қонуний иш жойларига фуқароларни юбориш улар учун KPI бўлиши белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
Давлатимиз раҳбари ташқи сиёсат борасида 2025 йил кўп жиҳатдан натижадор бўлганини қайд этди.
Хусусан, ўтган йили 26 та хорижий давлатга олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Янги тарихимизда илк бор Болгария, Финляндия, Словакия, Сербия, Иордания ва Парагвай раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилди.
“Марказий Осиё плюс” форматидаги кўп томонлама мулоқотлар сермаҳсул бўлди.
Сўнгги йилларда 11 та давлат билан стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 19 тага етди. Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон билан иттифоқчилик муносабатлари йўлга қўйилди.
“Очиқ, прагматик, пухта ўйланган ва ташаббускор ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистон глобал тинчлик ва дипломатия марказларидан бирига айланиб боряпти”, – деди Президентимиз.
Хорижий давлатларда 2017 йилдан буён 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколатхонаси очилиб, уларнинг сони 60 тага, дипломатик алоқа ўрнатилган давлатларнинг сони эса 165 тага етди.
Йиғилишда чет элдаги элчихоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналар штатлари, улар ва Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг ойлик иш ҳақи кўпайтирилгани қайд этилди.
“Лекин барча дипломатик ваколатхоналаримиз буни тўғри англаб, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга соляптими?
Дипломатик фаолиятни баҳолашнинг битта ўлчови бор, у ҳам бўлса – натижа!
Шу боис, ҳозирги шароитда элчи дегани фақат сиёсий мулоқот юритувчи шахс эмас. Элчи бу – инвестиция ва технологиялар олиб келадиган, янги экспорт бозорларини очадиган, транспорт-логистика йўлакларини ишга соладиган, туристлар оқимини кўпайтирадиган, қонуний меҳнат миграцияси учун шароит яратадиган, энг асосийси, фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган давлат вакилидир”, – деди Президентимиз.
Эндиликда элчилар фаолият юритаётган давлатдан экспорт тушумлари, туристлар оқими, қонуний иш жойларига фуқароларимизни юбориш улар учун KPI бўлиши белгиланди.
Президентимиз иқтисодий дипломатияни кучайтириш орқали экспорт ва инвестициялар ҳажмини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Зеро, иқтисодий дипломатия – янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш орқали инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилади. Иқтисодий хавфсизлик эса давлат хавфсизлигининг асосий пойдевори ҳисобланади.
Икки ва кўп томонлама тадбирлар доирасида 2025 йилда умумий қиймати 160 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари бўйича битимлар имзоланди.
Тарихда биринчи бор ташқи савдо айланмаси 80 миллиард доллардан ошиб, экспорт миқдори 33,5 миллиард долларга етди. Хорижий инвестициялар ҳам кескин кўпайиб, 43 миллиард доллардан ошди.
Эътиборлиси, ўтган йили 75 та давлатга экспорт ҳажми қарийб 4,5 миллиард долларга кўпайган.