platina.uz
Таҳлил

Украина транскаспий консорциумига зарбалар – Ўзбекистон газ таъминотига зарбами?

Бу воқеалар Ўзбекистоннинг энергетика занжири Қозоғистон ҳудудидан транзит хавфсизлигига бевосита боғлиқ эканини яна бир бор исботлади.

Украина транскаспий консорциумига зарбалар – Ўзбекистон газ таъминотига зарбами?
Фотоколлаж: Platina.uz

Ҳар йили шу бўлар такрор... Ҳозирда Интернетнинг ўзбек сегментида бу жумлалар яна долзарб. Ҳар йили қиш кирмасидан табиий газ танқислиги бошланади. Метан шохобчаларига чеклов ўрнатилади. Хонадонларда газ оқими тўсатдан, огоҳлантирилмасдан ўчирилиши оқибатида ис гази ёки газ портлашларидан одамлар ҳалок бўлиши кўпаяди.

Ҳаттоки 2023 йилда рўй берган аномал совуқ ва унинг ҳалокатли ва шармандали оқибатлари ҳам, бир қатор амалдорларнинг намойишкорона ишдан бўшатилиши ҳам, энергетика соҳасига миллардлаб субсидия ва имтиёзлар берилиши ҳам, Россиядан газ импорти йил сайин кўпайтирилиши ҳам вазиятни ўнглай олмаяпти.

Масалан, сўнгги йилларда энергетика компанияси газ ҳажмини ошириш учун миллиардлаб доллар кредит маблағларини жалб қилган, аммо бу саъй-ҳаракатлар кутилган натижаларни бермаган. Шу боис, келгуси йилда ишлаб чиқариш лойиҳалари ва геологик қидирув ишларини молиялаштириш учун яна $2 млрд хорижий кредитлар жалб этилиши режалаштирилмоқда.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бу йил Фарғона водийсида босим билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарди. Бу ҳақда вазир Олий мажлис қонунчилик палатасидаги маърузаси давомида хабар берди.

Вазир, жумладан, 11 декабр куни мамлакат энергетика тизимида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот бериб, қўшни давлатдаги инфратузилмадаги носозлик сабабли табиий газ импорти қисқартирилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, экспортёр мамлакат ҳудудидаги технологик носозлик кунлик 6 млн кубометрлик дефицитга сабаб бўлган. Аммо вазир бу носозлик тафсилотларини ошкор қилмаган. Шу боис автомобил газ тўлдириш компрессор станцияларида газ бериш яна чекланиши эълон қилинди.

Хуллас, бу йил ҳам амалдорлар очиқ тан олди: газ таъминоти қийинлашади, электр энергиясига ўтиш режалаштирмоқда. Яъни, иситишда газдан тўлиқ воз кечилади ва электр бўйича имтиёзли тарифлар жорий этилади. Аммо электр энергияси таъминоти ҳам ўлда-жўлда ётибди: вазир магистрал тармоқлар қишга тайёр эмаслигини очиқ тан олди. Бунга қуёшли кунлар камлиги боис қуёш энергияси тармоқлари етарли ток ишлаб чиқармагани, қувватлар ноаниқ режалаштирилмагани баҳона қилинди. Шу пайтгача ажратилган миллиардлаб маблағ етмаганидек, янада кўпроқ пул йўналтириш кераклиги шамаъ қилинди. Гарчи худди шу амалдор октябр ойи охирида Ўзбекистон электр энергияси ишлаб чиқариш тизими етарли қувватга эгалиги, электр тармоқлари маънан эскирган бўлса-да, келаётган қишда электр таъминотида чеклов ва муаммолар бўлмаслиги ҳақида тантанали “рапорт” берган эди.

Кези келганда айтиш жоиз, ҳозирда электр энергиясининг 70 фоизи газ ёқиб олинади. Бироқ, Энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, газ қазиб олиш ҳажми йил сайин камайиб бормоқда.

Хусусан, Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 2010 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда газ қазиб олиш 30 фоизга, яъни 19,2 млрд кубометрга камайган.

Жорий йилнинг январидан ноябр ойига қадар муддатда эса 40,7 млрд кубометр газ қазиб олинган бўлиб, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 4,7% камроқдир. Келгуси йилда вазият ёмонлашиши мумкин. Масалан, мамлакатнинг энг йирик газ қазиб олувчи компанияси “Ўзбекнефтегаз” 2025 йилда 26,5 млрд кубометр газ қазиб олишни режалаштирмоқда. Бу 2024 йил прогнозидан 2,8 млрд кубометрга, 2022 йил даражасидан эса 5,7 млрд кубометрга кам кўрсаткичдир.

Экспортчидан – импортчиликка йўл

Энг алам қиладиган жиҳати – Ўзбекистон табиий газга бой давлат. Жаҳон газ захираларининг 1 фоизи Ўзбекистонда жойлашган. Ranking.kz сайти маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистон табиий газ ишлаб чиқарувчи 49 та давлат орасида дунёда 19-ўринни эгаллаган. Шу йилда мамлакатда 42,2 млрд кубометр табиий газ ишлаб чиқарилган, унинг истеъмоли эса 54,6 млрд кубометрни ташкил этган.

Собиқ СССР давлатлари орасида Ўзбекистон газ қазиб олиш ҳажми бўйича Россия ва Туркманистондан кейинги ўринда туради.

Ўзбекистон 5 йилча аввал газ экспортчиси эди. Ўзбек газининг асосий харидорлари анъанавий равишда Россия, Хитой ва Қирғизистон бўлган. 2020 йилда Россияга экспорт тўхтатилди, Хитойга етказиб бериш эса сезиларли даражада қисқарди.

Таъкидлаш лозим, Ўзбекистон гази хорижга қандай нархда сотилгани ҳеч қачон ошкор қилинмаган – бу “тижорат сири” сифатида қаралган.

Жорий йилнинг илк 11 ойида Ўзбекистон газ экспортидан 593 млн доллар даромад олди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,5% кўпдир. Газ етишмаслигига қарамасдан, экспорт тўлиқ тўхтатилмаган. Бу Тошкент ва Пекин ўртасидаги узоқ муддатли шартнома билан боғлиқ бўлиб, унинг шартлари ҳам халқдан сир тутилади.

Ўтган йилдан бошлаб ҳокимият газ етишмовчилигини Туркманистон ва Россиядан импорт орқали қоплашни бошлади. 2023 йил август ойида Ўзбекистон ва Туркманистон йилига 2 млрд кубометргача газ етказиб бериш бўйича қисқа муддатли келишув имзолашди. Октябр ойида эса Россия газининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб берилиши бошланди.

Шундай қилиб, кўп йиллик самарасиз иқтисодий ва энергетик сиёсат газга бой мамлакатни импортга боғлиқликка олиб келди.

2023 йилда Ўзбекистон 695 млн доллар қийматида газ импорт қилган бўлса, жорий йилнинг илк 11 ойида бу кўрсаткич 1,55 млрд долларни ташкил этди, яъни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,8 баравар кўп.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг таъкидлашича, агар Устюрт ҳудудидаги қазилма ишлаб чиқариш ва геологик қидирув ишлари кутилган натижани бермаса, 2030 йилга қадар газ импорти 10-11 млрд кубометрга етиши мумкин.

Бошқа газ келишувлари каби, газ импорт шартномаларининг шарти ҳам сир ҳисобланади. Лекин Россия ОАВ маълумотларига кўра, ўтган йилда Қозоғистон орқали Россия гази импорти ҳажми 1,22 млрд кубометрни ташкил этган ва Ўзбекистон учун нархи 1000 кубометрга тахминан 160 доллар бўлган. Солиштириш учун, Қирғизистон харид нархини мунтазам ошкор қилади: расмий маълумотларга кўра, бу республика Россия газини 1000 кубометрга тахминан 112 доллардан харид қилади.

Энг муҳими, 2020-2022 йилларда Россияга газ экспорти тўхтатилди. Устуворлик Хитой бозорига ўтди. Аммо ички истеъмол талаби ўсиб борди, натижада газ танқислиги ошиб боряпти. 2023-2025 йилларда эса Ўзбекистон Россиядан (Қозоғистон орқали) газ импорт қила бошлади.

Аввалига – 2023йилда Энергетика вазирлиги “Газпром” билан 2 йиллик газ келишуви имзолаб, Россиядан кунига 9 миллион куб метр, яъни йилига 2,8 миллиард куб метр газ сотиб олинишини маълум қилди. “Коммерсант” нашри эса аввалроқ асл ҳажм бундан икки баравар кўпроқ бўлиши ҳақида ҳам ёзган.

Қолаверса, “Газпром” ва Ўзбекистон энергетика вазирлиги газ саноати соҳасида имзоланган “йўл харитаси” Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали Россия газининг транзитини кўзда тутади. Уч томонлама газ иттифоқи деб номланган ушбу лойиҳа 15 йилга тузилгани айтилади.

Асл сабаб нимада?

2025 йил 29-30 ноябрь кунлари Украина армияси дронлар билан Новороссийскдаги Каспий трубопровод консорциуми (КТК) объектларига зарба берди, инфратузилма вайрон бўлди – нефтнитанкерларга юклайдиган учта ташқи мосламадан бири ишдан чиқди. Натижада нефт хомашёсини юклаш вақтинча тўхтатилди. Маълумот учун, мазкур консорциум орқали Қозоғистон нефтининг 80 фоиздан ортиғи асосан Европага экспорт қилинади.

Қозоғистон норозилик билдирди, Украинага қарши огоҳлантирувчи баёнот берди ва нефтни Хитойга йўналтиришни бошлади.

Хусусан, декабр ойида Қозоғистон Кашагандан олинган 50 000 тонна нефтни Атасу – КТК орқали эмас, Алашанкоу йўли орқали Хитойга жўнатди, Украина биринчи марта Каспий денгизидаги Филановский номли Россия нефт платформасини ёпди, 20дан ортиқ қудуқдан нефт ва газ чиқарилиши тўхтатилди.

Бу воқеалар Ўзбекистоннинг энергетика занжири Қозоғистон ҳудудидан транзит хавфсизлигига бевосита боғлиқ эканини яна бир бор исботлади. КТК ёки Новороссийскдаги объектларга ҳар қандай зарар газ таъминотининг барқарорлигини бузиши мумкинлиги ошкор бўлди.

Яна бир муаммо – Россиянинг Украинага босқинига чек қўйиш учун киритилган халқаро санкциялар билан боғлиқ. Ғарб Марказий Осиё давлатларини бу санкцияларни айланиб ўтишда Россияга ёрдам беряпти деб ҳисоблайди. Яъни, гўёки Ўзбекистонга жўнатилаётган газ – аслида Хитойга ва Ҳиндистонга йўналтирилаётган газ экани даъво қилинади. Шу боис, Ўзбекистон ва Қозоғистон Россия гази транзити учун хизмат қиляпти холос, деган тахминлар мавжуд. Россиядан газ импорти кўпайтирилганига, “Уч томонлама газ иттифоқи” тузилган пайтда эълон қилинган улкан рақамлага қарамасдан, Ўзбекистонда газ танқислиги камаймаётгани бу тахминни мустаҳкамлайди, афсуски.

Қолаверса, Европа Иттифоқи Кенгаши 2026 йил 1 январдан бошлаб Европа комиссияси таклифи асосида Россиядан газ импортини босқичма-босқич тўхтатишни маъқуллади. 2023 йилда эса “Газпром” Европага газ сотишнинг кескин пасайиши фонида 629 миллиард рубл (6,9 миллиард AҚШ доллари) зарар кўрган бўлиб, бу охирги чорак асрдаги энг катта йўқотиш ҳисобланади. Европа эса Россия энергетикасига муқобил вариантлар топишда ва аҳолисини энергия билан таъминлашда кутилганидан ҳам каттароқ муваффақиятга эришди.

Бу ҳолат ҳам Россия ўз газини сотиш учун янги бозор ва транзит ҳудудларни қидираётганини исботлайди.

Албатта, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия ўртасида имзоланган газ келишуви (2023-2030) ҳозирча барқарор. Аммо бу келишувнинг самарадорлиги транзит барқарорлигига боғлиқ. Агар Қозоғистон Россия билан нефт транзити борасида келишмовчиликка борса, газ масаласида ҳам мувозанат ўзгариши мумкин.

Хулоса

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон учун бу фақат газ эмас – бу ижтимоий барқарорлик. Газ таъминоти – қишда иссиқлик, саноат учун энергия, электр станциялари учун хомашё демакдир. Россия газининг Қозоғистон орқали ўтиши эса бир қатор хавфларни эҳтимолдан соқит қилмайди. Инфратузилма бузилса ёки сиёсий вазият мураккашлашса, Ўзбекистонга етказиладиган газ хавф остида бўлади. Шунингдек, Қозоғистон нефтини экспорт қилишни камайтирса, валюта тушумлари камаяди, тенге босим остида қолади ва бу нархларнинг ўсишига олиб келиши мумкин.

Энергетика – бу нафақат иқтисодиёт, балки сиёсат, хавфсизлик ва мустақилликнинг асосий устуни. КТК ёки нефт-газ объектларига ҳар бир зарба Марказий Осиё иқтисодиётига таъсир қилади.

Ўзбекистон учун сигнал аниқ: бир транзит йўлига боғлиқлик – стратегик хавф. Диверсификация, транзит кафолатлари, ички қазиб олиш ва қайта тикланадиган энергия манбалари энди фақат иқтисодий эмас, балки стратегик вазифага айланди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid