Чилида президент ўзгарди: ўта ўнг кучлар ҳокимият тепасига келди
Хосе Антонио Каст Чили раҳбари бўлди. Ушбу натижа Лотин Америкасида илгари сиёсий аутсайдер ҳисобланган ўнг қанот етакчиларнинг ҳокимиятга келиши тенденциясини давом эттирди.

Хосе Антонио Каст Чилининг янги президенти бўлди: ўта ўнг кучлар Лотин Америкасида навбатдаги ғалабани қўлга киритди.
Ўта ўнг қанот вакили Хосе Антонио Каст қайта сайловда 58% овоз билан ғалаба қозониб, Чилининг 38-президенти бўлди.
14 декабрда деярли барча бюллетенлар санаб чиқилгач, Каст 58 фоиз овоз билан устун келди. У ҳукмрон марказчи-чап коалиция номидан иштирок этган собиқ Меҳнат вазири, Коммунистик партия вакили Жанетт Жарани мағлуб этди.
Жара ва унинг “Чили учун бирлик” коалицияси Жанубий Америка мамлакатида сайлов участкалари ёпилганидан кўп ўтмай мағлубиятни тан олди.
“Демократия аниқ ва баланд овозда гапирди. Мен ҳозиргина сайланган президент [Каст] билан гаплашиб, Чилининг манфаатлари йўлида унга муваффақият тиладим”, — деб ёзди Жара ижтимоий тармоқларда.
“Бизни қўллаб-қувватлаган ва номзодлигимиздан илҳом олган барчага шуни айтмоқчиманки, мамлакатимизда яхшироқ ҳаёт барпо этиш йўлида ишлашда давом этамиз. Ҳар доимгидек, бирга ва мустаҳкам турамиз", дея қўшимча қилди у.
“Бу шахсий ютуқ ҳам эмас, партия ютуғи ҳам эмас, бу ерда Чили ғалаба қозонди" — деди у оломонга.
Ушбу натижа Лотин Америкасида ўта ўнг кучларнинг навбатдаги ғалабаси бўлиб, сўнгги пайтларда Аргентина ва Эквадор каби давлатларда илгари сиёсий аутсайдер ҳисобланган ўнг қанот етакчиларнинг ҳокимиятга келиши тенденциясини давом эттирди.
Овозлар ҳисоб-китоби, шунингдек, 59 ёшли Республикачилар партияси етакчиси Кастнинг сиёсий саҳнага қайтишини ҳам англатади. 2025 йилги сайлов унинг президентлик учун учинчи уриниши эди ва илк бор муваффақиятли якунланди.
2021 йилги аввалги сайловда у амалдаги президент Габриэл Боричга қарийб 10 фоизлик фарқ билан ютқазган эди.
Аммо Чилининг энг ёш президенти сифатида тарихга кирган Боричнинг рейтинги тўрт йиллик муддати охирига келиб тахминан 30 фоизгача тушиб кетди. Шунингдек, Чили қонунчилигига кўра, у иккинчи муддатга номзодини қўя олмас эди.
Жамоатчилик фикри сўровларида сайловчилар жиноятчилик ва иммиграция даражасининг ошгани, шунингдек, мамлакат иқтисодиётининг секинлашувидан норозилик билдирган.
Каст эса ўз кампаниясини ўзгариш ваъдаси асосида олиб борди. У жиноятчилик ва иммиграцияга қарши кескин чоралар кўришини, жумладан, АҚШ президенти Доналд Трамп Шимолий Америкада қўллаган сиёсатга ўхшаш тарзда оммавий депортацияларни амалга оширишини айтди.
Кастнинг сайловдаги ғалабасидан сўнг, Америка қитъасидаги ўнг қанот етакчилар ижтимоий тармоқларда уни табриклашди.
“Чили президенти этиб сайланган Хосе Антонио Кастни ғалабаси билан табриклайман”, — деб ёзди АҚШ давлат котиби Марко Рубио. “Қўшма Штатлар унинг маъмурияти билан минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва савдо алоқаларимизни жонлантириш йўлида ҳамкорлик қилишни интиқлик билан кутмоқда.”
Аргентинанинг президенти Хавер Милей ҳам Кастнинг сайланишини Лотин Америкасидаги консерватив сиёсий ҳаракат учун катта ғалаба сифатида олқишлади.
Бу йилги президентлик сайлови мамлакатда 2012 йилдан бери илк бор овоз бериш мажбурий бўлган сайлов бўлди. Сайловда тахминан 15,7 миллион нафар сайловчи рўйхатдан ўтган.
Каст 16 ноябр куни бўлиб ўтган биринчи сайловда иккинчи ўринни эгаллаган эди. У 23,9 фоиз овоз тўплаган бўлса, Жара 26,8 фоиз овоз олган.
Бироқ қайта сайловда Кастнинг тарафдорлари сони ортди ва сайловда ғалаба қозонди.
Каст 11 март куни расман президентлик лавозимига қасамёд қилади.