Ўзбекистон Қаҳрамони Абдураим Ҳомидов вафот этди
У фермерлик ҳаракатининг вакили, ташаббускори сифатида пахтадан юқори ҳосил олиш бўйича ўзига хос намуна мактабини яратганди.

Ўзбекистон Қаҳрамони Абдураим Ҳомидов 82 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Абдураим Хомидов 1943 йилда Наманган вилояти, Тўрақўрғон туманида туғилган.
Меҳнат фаолиятини 1960 йилданоқ тумандаги «Ўзбекистон» жамоа хўжалигида механизаторликдан бошлаган. Сўнгра ширкат хўжалиги пудратчиси, 2007 йилдан узоқ йиллар мобайнида «Шаҳанд ҳумо қуши» фермер хўжалиги раҳбари сифатида самарали меҳнат қилди. 2017 йилдан бери эса меҳнат фахрийси эди.
А.Ҳомидов фермерлик ҳаракатининг фидоий вакили, ташаббускори сифатида пахтадан юқори ҳосил олиш бўйича ўзига хос намуна мактабини яратди. 1993 йилда Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи, 2001 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2004 йилда эса Давлатимизнинг олий нишони - «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган эди.
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати сифатида ҳам фаолият юритган.