platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига борди

Президент қулай йўл инфратузилмасини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. М-39 халқаро автомобил йўлига боғлаш мақсадида қарийб 290 миллиард сўм ҳисобидан йўл ўтказгич ва янги автомобил йўли қурилди. 

Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига борди

Президент Шавкат Мирзиёев 2 декабр куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб замонавий ва қулай йўл инфратузилмасини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Вилоят марказини М-39 халқаро автомобил йўлига боғлаш мақсадида қарийб 290 миллиард сўм ҳисобидан 700 метрлик йўл ўтказгич ва 4 километрлик янги автомобил йўли қурилди.

Янги йўл ҳар куни 14 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш имкониятига эга.

Шу пайтгача мазкур йўналишдан аҳоли шаҳарга кириш-чиқиш учун 25 километрлик айланма йўлдан фойдаланишга мажбур эди. Янги иншоот туфайли бу масофа 4 километргача қисқарди, эски йўлдаги тирбандликлар бартараф этилди. Бу нафақат ҳайдовчилар, балки тадбиркорлар, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаси учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Металл конструкциялардан замонавий технология асосида барпо этилган ўтказгичнинг хизмат муддати 100 йил деб баҳоланмоқда. Анъанавий темир-бетон ўтказгичлар одатда 50 йил хизмат қилади. Демак, хизмат муддати икки баробарга узайди.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати – илгари йўловчи ва юк поездлар ўтган пайтда автомобиллар темир йўл кесишмасида тўхтаб қолишга мажбур эди, эндиликда эса йўл ўтказгич қурилгани туфайли тез тиббий ёрдам, ўт ўчириш ва бошқа махсус хизматларнинг ҳаракати анча енгиллашади.

Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбарига атом энергетикаси лойиҳаларининг бориши тўғрисида ахборот берилди.

Айни пайтда Жиззах вилоятида интеграциялашган иккита кам қувватли реактор ва иккита катта реактордан иборат атом электр станциясини барпо этиш бошланган.

Ҳозирги босқичда реактор биноси учун котлован қазиш ишлари фаол паллага кирган. Қурилиш-монтаж базаси учун ер текислаш, бетонлаш, арматура ўрнатиш ишлари бажарилмоқда. Қурувчилар яшаши учун вақтинчалик турар жой мажмуаси барпо этилган.

Атом электр станцияси учун зарур қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш, олийгоҳларда соҳа учун кадрлар тайёрлашни кенгайтириш режалари тақдимот қилинди.

Бўлажак электр станцияда меҳнат қиладиган мутахассислар ва уларнинг оилалари учун моношаҳарча қуриш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Шаҳарча АЭСдан 16 километр узоқликда жойлашган, 10 минг кишига мўлжалланган бўлади, унда барча зарур инфратузилма, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш объектлари кўзда тутилади.

Президентимиз Жиззах шаҳрига кириш қисмини замонавий қиёфага келтириш бўйича мастер-режа ва реновация лойиҳалари тақдимоти билан ҳам танишди.

Реновация дастури асосида Жиззахда эски уй-жойлар ўрнида замонавий, қулай ва хавфсиз турар жойлар барпо этилиши режалаштирилган. Шунингдек, IT-марказ биносини барпо этиш, ҳунармандчилик марказини ташкил этиш, айрим мавжуд мажмуаларни реконструкция қилиш ҳамда гавжум кўчаларни тартибга келтириш каби лойиҳалар билан танишилди.

– Жиззахга келишимиздан мақсад – вилоятни янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва рўёбга чиқариш. Бугунги Жиззах – кечаги Жиззах эмас. Вилоятни салоҳияти, имконияти каррасига ошди, одамларнинг ҳаётга, ишга муносабати тубдан ўзгарди. Шу имкониятларни аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган аниқ лойиҳаларга айлантиришимиз керак, – деди Президент.

Тақдимотлар давомида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах политехника институти қошида ташкил этилган Автомобилсозлик муҳандислик мактаби фаолияти билан танишди.

Бу ерда “BYD Uzbekistan Factory” ва “АDМ Jizzakh” корхоналари билан малакали мутахассислар тайёрлаш ва уларни ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорлик ўрнатилган.

Муҳандислик мактабида транспорт соҳасига ихтисослашган тўрт таълим йўналиши бўйича ўқув дастурлари янгича ёндашув асосида ташкил этилган. Хусусан, иккинчи курсни юқори кўрсаткичлар билан тамомлаган талабалар BYD заводи талаблари асосида ишлаб чиқилган замонавий ўқув платформаларида икки йиллик дуал таълим олади. Талабалар завод билан тўғридан-тўғри ҳамкорликда амалий машғулотларни ҳам ўтаб боради, бу эса уларга махсус ишга йўлланма сертификатига эга бўлиш имконини беради.

Қисқа муддатли тайёрлов курсларида автомобиль заводига ишга кирувчи номзодлар, завод ишчилари ва ишсиз ёшларга ўзлари қизиққан касблар ўргатилади. Бу ерда BYD автомобиль ишлаб чиқариш мини конвейери ҳам ташкил этилган. Ишлаб чиқариш цехида пайвандлаш, бўяш, йиғув ва сифат назорати бўлимлари мавжуд.

Электромобиль ва зарядлаш станциясининг тузилиши, электромобилларга хизмат кўрсатиш, саноат ва дастурлаш муҳандислиги, таннарх ва реверс муҳандислиги йўналишларига ихтисослашган махсус хоналар ташкил қилинган.

Дунё автомобиль саноатида битта қоида мавжуд: рақибни таҳлил қилмаган компания ривожлана олмайди.

Жиззахдаги ушбу муҳандислик мактабида биринчи марта маҳсулотни техник-аналитик солиштириш, харажатларни моделлаштириш (cost modeling), ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, жараёнларни глобал стандартлар билан таққослаш каби кўникмалар ҳам ўргатилмоқда.

Муҳандислик мактаби фақат талабалар учун эмас, балки соҳада фаолият юритиш истагидаги ёшлар ва мутахассислар учун ҳам очиқ. Бу ерда малака ошириш дастурлари, бошланғич касбий тайёргарлик курслари ва тадбиркорлар учун амалий ўқув модуллари ташкил этилган. Уларда илғор мутахассислар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг тажрибали муҳандислари фаол иштирок этади.

Мактабнинг асосий мақсади – талабани тайёр кадр сифатида иш жойига боришидан олдин амалиёт муҳитига олиб киришдан иборат. Натижада битирувчилар бозор талабларига тўлиқ жавоб берадиган, етук ва рақобатбардош мутахассисга айланади.

Давлатимиз раҳбари мактабдаги машғулотлар жараёнини кузатди, мини конвейерда ишлаётган талабалар билан суҳбатлашди.

Президентимиз шу ерда республика ва вилоят фаоллари билан ҳам мулоқот қилди.

Кейинги йилларда Жиззахда саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳаларда яхши натижаларга эришилаётгани қайд этилди. Лекин ишга солинмаган имкониятлар ҳали кўплиги айтилди.

– Жиззахга келиб, янги ўсиш нуқталарини белгилаб олишни мақсад қилганмиз. Асосийси, аҳоли, хусусан, ёшларга муносиб шароит яратиш, юқори даромадли иш билан таъминлаш, – деди давлатимиз раҳбари.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid