Президент Бюрократияни бартараф этиш халқаро форумида муҳим ташаббуслар билан чиқди
2030 йилга қадар давлат хизматлари сонини 1,5 мингтага етказиш, электрон хизматлар улушини 95 фоизгача ошириш режа қилинган. Бюрократияга қарши алоҳида дастур тасдиқланди.

Бугун Бюрократияни бартараф этишга бағишланган халқаро форумда Президент Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувини замон талабларига мос равишда янгилаш, ортиқча маъмурий тўсиқларни қисқартириш ва фуқаролар ҳамда бизнес учун қулай давлат хизматлари экотизимини яратишга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек:
– сўнгги йилларда бюрократияни қисқартириш бўйича 9 та фармон ва қарор қабул қилинди, Давлат хизматлари марказлари, Ягона портал ва "Рақамли ҳукумат" тизимлари жорий қилиниши натижасида давлат хизматлари сони 444 тадан 1 040 тагача ошди, кўрсатилган хизматлар ҳажми 55 миллиондан ошди;
– 90 дан ортиқ проактив ва композит хизматлар жорий этилди, хусусан, туғилиш билан боғлиқ хизматларнинг ягона пакетда тақдим этилиши ҳар йили 1 миллион фуқаро учун қулайлик яратмоқда, ижтимоий нафақалар ва пенсия тайинлаш жараёни автоматлаштирилди;
– 30 турдаги хизмат реал вақтда тақдим этилди, жорий йилда 8 миллионга яқин хизмат автоматик тарзда кўрсатилмоқда, электрон ҳужжат айланмаси ҳисобига аҳолининг йилига 23 миллиард сўм маблағи тежалмоқда;
– бизнес учун шароитларни енгиллаштириш мақсадида 160 дан зиёд лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, 150 дан ортиқ рухсатнома электрон шаклда берилмоқда, 140 турдаги ҳужжат ва маълумот талаб қилиш бекор қилинди;
"Бизнесни 15 дақиқада бошлаш" тамойили орқали тадбиркорликни онлайн рўйхатдан ўтказиш имконияти яратилди.
Президент таъкидлаганидек, бюрократияни қисқартириш соҳасида қуйидагилар режалаштирилган:
– 2030 йилга қадар давлат хизматлари сонини 1,5 мингтага етказиш, электрон хизматлар улушини 95 фоизгача ошириш, келгуси йилда қўшимча 250 та хизматни рақамлаштириш, "Қоғозсиз ҳукумат" тизимига тўлиқ ўтиш ва мавжуд 40 миллион ҳужжатдан 25 миллионтасини рақамлаштириш;
– проактив ва композит хизматлар сонини 400 тага етказиш, келгуси йилда 180 та янги хизматни жорий этиш; лицензиялаш, қурилиш ва коммунал тармоқларга уланиш соҳасида 300 дан ортиқ хизматни соддалаштириш, 4 та коммунал тармоққа ягона ариза орқали уланиш имконини яратиш;
– 100 дан ортиқ хизматлар муддатларини 50 фоизгача қисқартириш, 110 дан ортиқ ҳужжат ва маълумот талаб қилишни тўлиқ бекор қилиш, Давлат хизматлари портали, "Лицензия" тизими, "Ягона дарча" ва колл-марказларни сунъий интеллект асосида ишлашга ўтказиш.
Форум доирасида Президентимиз бюрократияни бартараф этиш бўйича алоҳида Дастур тасдиқланганини эълон қилди. Дастур ижросини мувофиқлаштириш учун "Дастур офиси" ташкил этилади, барча вазирлик ва идораларда уни амалга ошириш учун масъул ходимлар тайинланади.
Аҳоли ва бизнес вакиллари учун дастурга таклиф киритиш ва идоралар фаолиятини баҳолаш имконияти яратилади. Бу мақсадлар учун 3 миллион долларлик мукофот жамғармаси шакллантирилиб, энг илғор ташаббуслар рағбатлантирилади.
Ушбу Дастур 2030 йилга қадар Ўзбекистонни орттиқча бюрократиядан холи, инсон манфаатларига хизмат қиладиган, замонавий давлат бошқарувига эга мамлакатга айлантиришга хизмат қилади.