Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш миллий стратегияси ишлаб чиқилади
“Шажара” ахборот тизимини йўлга қўйиш таклифи этилди. Бу фойдаланувчиларга ўз шажарасини яратиш, туғилиш, никоҳ ва ўлим ҳақидаги маълумотларни, генетик маълумотлар асосида узоқ қариндошларини излаш имконини яратади.

Президент Шавкат Мирзиёев 21 ноябр куни интеллектуал мулк, архив иши ва юридик таълим соҳаларини ислоҳ қилишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Кейинги йилларда интеллектуал мулк соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Соҳада 51 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, Ўзбекистон 8 та халқаро шартномага қўшилди. Интеллектуал мулк ҳимояси кучайтирилиб, унга оид ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо қатъийлаштирилди, жиноий жавобгарлик белгиланди. Божхонада “ex officio” тартиб-таомили киритилиб, контрафакт товарларни йўқ қилиш тартиби жорий этилди, ҳар йили “Контрафактсиз ой” ойлиги ўтказилмоқда.
Интеллектуал мулк объектларининг сони 102 мингтадан ошди, хорижда маҳаллий ва Ўзбекистонга кирган хорижий брендлар муҳофазаси кенгайтирилди, Самарқанд нони, Чуст пичоқлари, Марғилон адраси каби 23 та географик кўрсаткич рўйхатдан ўтказилди.
Бу ишлар натижасида мамлакатимиз Глобал инновациялар индексида 14 поғона юқорилаб, 79-ўринга кўтарилди.
Тақдимотда соҳани янада ривожлантириш режалари кўриб чиқилди. Жумладан, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликда Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Режага кўра, патент ва гувоҳномаларга ўзгартириш киритиш жараёнлари соддалаштирилади, 5 та композит ва 4 та проактив хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.
Шунингдек, интеллектуал мулкдан фойдаланиш ҳолати Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингида инобатга олинадиган тартиб жорий қилинади.
Барча олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида патентлаш, ишлаб чиқаришга киритиш ҳамда тижоратлаштиришга кўмаклашиш марказларини очиш, дастлаб Миллий университетда, кейинчалик яна 4 та олийгоҳда “Интеллектуал мулк объектлари менежменти” йўналишини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ижодкорлар ва мутахассисларни рағбатлантириш мақсадида ҳар йили 5 та номинация бўйича “Энг яхши интеллектуал мулк объектлари” танловини ўтказиш таклиф қилинди. “Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” махсус кўкрак нишони таъсис этилиб, 26 апрель – Бутунжаҳон интеллектуал мулк кунида топшириб борилиши белгиланди.
Миллий географик кўрсаткичлар тизимини мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди. Етмишга яқин географик кўрсаткични рўйхатдан ўтказиш, Лиссабон тизимига аъзо бўлиш орқали миллий маҳсулотлар қийматини ва экспорт салоҳиятини ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Архив ишини модернизация қилиш масалалари муҳокама қилинар экан, бугунги кунда юртимиз архивларида 16 миллионта ҳужжат тўплами, шу жумладан, 1,3 миллионта алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар сақланаётгани қайд этилди. Бухоро амири қушбегиси маҳкамаси ва Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатлари ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган.
Шу билан бирга, ҳужжатларни рақамлаштириш суръати йилига атиги 2 фоизни ташкил қилмоқда. 2030 йилга қадар архив фондининг рақамлашув даражасини 60 фоизга етказиш, алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатларни тўлиқ рақамлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Бунинг учун соҳадаги ахборот тизимларини Ягона миллий архив ахборот тизимига бирлаштириш, ҳужжатларни радиочастотали идентификация (RFID) технологияси орқали ҳисобга олиш ва онлайн кузатиш тизимини жорий этиш, ҳужжатларни таснифлаш ва таниш жараёнига сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш режалаштирилган. Туман (шаҳар) архивларининг вазифалари ҳудудий архив бошқармаларига ўтказилади.
“Шажара” ахборот тизимини йўлга қўйиш таклифи билдирилди. Янги хизмат фойдаланувчиларга ўз шажарасини яратиш, туғилиш, никоҳ ва ўлим ҳақидаги маълумотларни, генетик маълумотлар асосида узоқ қариндошларини излаш имконини яратади.
Юридик таълим ва фанни янада ислоҳ қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Тошкент давлат юридик университетида клиник ва дуал таълимни жорий қилиш режалаштирилган. Талабаларнинг амалиёт дарслари улуши 50 фоизга етказилади, фуқаролик, жиноят ва бизнес ҳуқуқи йўналишларида юридик клиникалар ташкил этилади. Замонавий ҳуқуқ талабларидан келиб чиқиб, “Рақамли ҳуқуқ” ва “Корпоратив ҳуқуқ ва бошқарув” каби янги таълим йўналишлари очилади.
Шу билан бирга, “таълим – тадқиқот – амалиёт” занжири асосида факультетларнинг ташкилий тузилмасини янгилаш ва кафедраларни босқичма-босқич шуъбаларга айлантириш, университетнинг профессорлар кенгашини ташкил этиш таклиф этилди.
Тақдимотда қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу ишлар доирасида аҳамияти ва долзарблигини йўқотган 800 га яқин меъёрий ҳужжатни бекор қилиш, 77 та ҳужжатни қайта кўриб чиқиш, тадбиркорлар учун 15 дан зиёд ортиқча талабларни қисқартириш орқали бизнес юритиш шароитларини енгиллаштириш режалаштирилган. Қонунлар самарадорлигини баҳолаш орқали коллизион норма ва ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этиб борилади.
Президентимиз тақдим этилган янгиланишларни тизимли жорий этиб, муҳокама қилинган соҳаларда самарадорликни, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайликларни янада ошириш зарурлигини таъкидлади.