platina.uz
Жамият

Бухоро транспорт бошқармасида коррупцияга қарши курашда камчиликлар аниқланди

Бошқармада коррупция бўйича ходим малака ошириш курсини ўтамаган ва сертификатга эга бўлмаган. 

Бухоро транспорт бошқармасида коррупцияга қарши курашда камчиликлар аниқланди

Бухоро транспорт бошқармасида қатор камчиликлар аниқланди. Бу ҳақда Халқ депутатлари вилоят кенгаши қарорида маълум қилинди. Қарор 2025 йил 20 ноябрда эълон қилинди.

Соҳада коррупциянинг олдини олишга қаратилган бирламчи ҳаракатлар амалга оширилган бўлсада, айрим камчиликларга йўл қўйилган.

Бошқармада коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул этиб белгиланган ходим комплаенс назорати ходимлари малака ошириш курсини ўтамаган ва сертификатга эга эмас ҳамда давлат бошқарувида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар билан тўлиқ танишмаган. Транспорт вазирлигининг 2021 йил 20 декабрдаги “Коррупцияга қарши курашиш бўйича асосий ички идоравий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги 236-сонли буйруғида кўрсатиб ўтилган вазифалар етарли даражада ташкил этилмасдан, коррупцияга қарши курашиш бўйича ички идоравий Низомларда кўрсатиб ўтилган ҳисобот шаклларини тақдим этиш билан чекланилган. Жумладан, Адлия вазирлиги томонидан

2022 йил 31 августда 3383-рақам билан рўйхатга олинган Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти талаблари ижроси ташкил этилмаган.

Бошқармада коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси мавжуд эмаслиги билан бир қаторда, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш учун ишчи гуруҳ таркиби ҳам тузилмаган. Натижада, бошқармада коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳисоботларни тақдим этиш билан чекланиб, қонун билан белгиланган вазифалар, жумладан коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш ҳамда коррупциявий хавф-хатарлар харитасини ва коррупцияга қарши курашиш бўйича дастур лойиҳалари ишлаб чиқилмаган.

Вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Ф.Ражабовга соҳада коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш тизимини шакллантириш борасида камчиликларга йўл қўйилганлиги кўрсатиб ўтилди.

Унга вилоят транспорт тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини таҳлил қилиб, натижаси бўйича соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашига киритиб бориш, вилоят транспорт бошқармаси тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан 2025-2026-йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминлаш вазифаси берилди.

Шунингдек, давлат харидларига оид шартномаларнинг бошқарма веб-сайтларида жойлаштириб бориш, соҳада коррупцияга қарши рейтинг тизими методологияси ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш чораларини кўриш, соҳа ходимларининг одоб-ахлоқ йўриқномасига қатъий риоя қилишларини назоратга олиш топширилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid