platina.uz
Мақола

Қачондир шу даражага етишимиз керак

Ҳозиргача ишланган кўп киноларимиз сохта ватанпарварлик ғоялари ортидан ишончни йўқотган. Ҳатто тарихий филмларимизда ҳам байроқ саҳнаси йўқ ҳисоби.

Қачондир шу даражага етишимиз керак
Фото: Platina.uz

Чет эл киноларида кўп кўрганмиз, уйларига байроқларини илиб қўйишади. Рости, ҳавас қиламиз, қанийди бизда ҳам ҳар бир уйда байроғимиз шунақа ҳилпираб турса. Лекин бу жуда кам кузатилади. Кимдир четдан қайтиб келган бўлса ёки хорижда яшаётган ўзбек уйига байроқ илиши мумкин, чунки Ватанини қўмсайди.

Хўш, америкаликлар ҳаммаси четдан қайтиб келганми? Йўқ. Шунчаки уларда ватанпарварлик кучли, улар бу сўзни, унинг қадрини шу қадар юксак қўяди. Бу ҳатто филмларида ҳам яққол сезилади, баъзида киноларини кўриб, уларнинг байроғига, садоқатига ҳавас қиламиз.


Бугун киноларимиз ҳақида гапирмоқчи эмасман. Бу ҳақда аввал ёзиб бўлганман, кинематографиямиз ҳамон ботқоқда. Айни шу иш билан шуғулланиши керак бўлган маънавиятчиларимиз эса ўз кучини ўтин ёришга сарфлашдан бошқасига ярамаяпти.


Бугун қандай улуғ кунлигини билсангиз керак. Байроғимизнинг байрами! Йўқ, бу баландпарвоз гап эмас, мени кўрган-билганлар "пахтакор" эмаслигимдан хабардор. Мен байроқ энг юксакларда улуғланиши кераклигини биламан холос.

Таниқли актёр Мел Гибсон ўйнаган "Ватанпарвар" деган кино бор. Ўшанда бош қаҳрамон урушда ўлган ўғли титилиб кетган Америка байроғини олиб, уни тикиб, ямаб чиққанини кўради. Охирги мағлубиятдан сўнг жангчилар дови тушиб, шумшайиб кетаётган бир пайтда ўша қаҳрамон тикилган байроқни баланд кўтариб, отда ҳилпиратиб, аскарларга етиб олади. Ҳаммаси қий-чув ва ҳайқириқлар билан кутволади.

Масалан, шу филм режиссёри Роланд Эммерихга ўша пайтдаги (2000 йилда) АҚШ президенти Билл Клинтон шу филмни суратга олинглар, деб айтмагандир. Аввало, киночиларнинг ўзи ватанпарвар, миллати, Ватани ҳақида дунёга жар солгиси келади. Нафақат Ҳолливудда, балки бутун дунёда шундай улуғлашади байроқни, Ватанни. Болливуд-ку бу борада бўрттиради ҳатто, аммо бу халқ руҳиятини кўтаради, шу юрт боласиман, деб фахрлантиради.

Президентимиз тарихий киноларимиз жуда кам деганда, ҳамма шундай филмлар олишга киришиб кетди. Киночиларимизга кимдир айтиб туриши керакми, ўзларида ташаббус йўқми?

Киночиларимизнинг баҳонаси тайёр: бизда яхши сценарийлар йўқ. Барака топгур, ўзинг қидириб кўрганмисан? Ёзувчиларимиз, сценарийчиларимизни танийсанми, адабиётимизни биласанми? Бундай киноларга арзийдиган асарларимиз тиқилиб ётибди.

Наби Жалолиддиннинг "Байроқ" ҳикоясида бир ўқувчи бола юқоридаги филмни кўриб, ундан илҳомланиб, мактаб омборхонасида ётган йиртиқ байроқчани худди шундай тикиб чиқади. Уни мактаб тадбирига юксакда кўтариб олиб бормоқчи бўлганида қандай воқеалар юз бергани анча қизиқ ёзилган.

Ватанпарварлик руҳида ёзилган бошқа асарларимиз ҳам кўп. Излаган одам топади. Ёки яхши сценарий ёздириш мумкин, сохта эмас, самимий бўлса, албатта. Бу мавзуда сохталик қилинса, акс таъсир этади. Афсуски, ҳозиргача ишланган кўп киноларимиз ана шундай сохта ватанпарварлик ғоялари ортидан ишончни йўқотган. Ҳатто тарихий филмларимизда ҳам байроқ саҳнаси йўқ ҳисоби.

Танганинг бошқа тарафиям бор: талабга яраша таклиф бўлади. Пандемиядан кейин кино соҳаси анча сусайди, деярли йўқ бўлиб кетди. Бироқ томошабин савияси-да ошгани йўқ. Биз ана шундай бачкана, сохта ва саёз филмларни индамай қабул қиляпмиз.

Хориж тажрибасини мисол қилишни яхши кўрамиз. Хориж тажрибаси деб Россияни олишга кўп одатланган амалдорларимиз. Ҳатто руслар ўз киноларида ватанпарварликни шунақа сингдирадики, биз шуларчалик эмасмиз. Кўп давлатларда мустақиллик байрамини халқ ўзи кўчага чиқиб нишонлайди, росмана байрам қилади.

Бекорга кинодан ёзмадик. Кино маданиятларга энг тез дахл қиладиган, қалбларга нурдек етадиган соҳадир. Зўр кинони кўриб, унга тақлид этганлар, бош қаҳрамонга ўхшамоқчи бўлганлар қанча орамизда.

Биз ҳали у даражага чиқмадик. Ҳайит кунлари чин маънода байрам қилгандек халқимиз бошқа миллий саналаримизни ҳам нишонлаши керак. Бир-бирига совға улашиб, кўчаларни тўлдириб тантана қилиш, мушакбозлик уюштириш. Мушакларни фақат янги йилда отамизми?

Қачондир шу даражага етишимиз керак ахир!

Бобур Жалолов,
Platina.uz сайти бош муҳаррири

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid