platina.uz
Жамият

Аҳоли даромадининг асосий қисми дори-дармонга сарфланмоқда: Президент тиббиётдаги муаммоларни кўтарди

Охирги беш йилда ошқозон касалликлари қисқарган бўлса-да, Қашқадарё ва Навоийда деярли ўзгариш бўлмаган. Қорақалпоғистон, Хоразм, Фарғона ва Андижонда буйрак касалликлари кўрсаткичи юқори. 

Аҳоли даромадининг асосий қисми дори-дармонга сарфланмоқда: Президент тиббиётдаги муаммоларни кўтарди

Президент тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашув ўтказмоқда.

Ушбу йиғилиш халқимиз учун ҳам, тиббиёт соҳаси ва унинг вакиллари учун ҳам фойдали бўлиши кераклигини кўрсатиб ўтди. Шу боис, ечимини кутаётган масалаларни очиқ-ойдин гаплашиб олишни таклиф этди.

Инфляцияни жиловлаш, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини барқарор ушлаб туриш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Лекин аҳоли даромадининг катта қисмини аслида дори-дармонга сарфлаётгани қайд этилди.

“Ихтисослашган марказларга сўнгги беш йилда 7,5 триллион сўм маблағ берилди. Улар минглаб энг замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Дори етмаяпти деб бирорта марказ айта оладими? Мана шу маблағлар, ускуналар ва дори-дармонлар қандай ишлатиляпти? Афсуски, ускуналарнинг қувватидан бор-йўғи 25 фоиз фойдаланиляпти”,
– деди Президент.

Рақамлаштириш, хориждан ҳамкор топиш, клиник протоколларни янгилаш, илғор диагностика, профилактика ва даволашни уддалайдиган замонавий жамоани шакллантириш бўйича ишламаган марказ, туман, вилоят соғлиқни сақлаш бошқарма ва бўлимларининг келажаги йўқлиги қайд этилди.

Қайси маҳаллада, туманда қандай касаллик кўпайган ёки камайганини таҳлил қилиб, уларнинг олдини олиш ҳамда самарали даволаш бўйича аниқ режа билан ишлаш, республика марказлари бундай таҳлил ва ёндашув билан ишни пастда ташкил қилиши, катта-катта маблағ эвазига олиб берилган энг замонавий ускуналардан самарали фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани кўрсатиб ўтилди.

Президентимиз бу ишларнинг аҳволини аниқ мисоллар асосида таҳлил қилди.

Мисол учун, охирги беш йилда ошқозон касалликлари 1,5 баробар қисқарган бўлса-да, Қашқадарё ва Навоийда деярли ўзгариш бўлмаган. Яккабоғда шифокорларга бўлган мурожаатларнинг 33 фоизи, Ғузорда 29 фоизи, Косон ва Миришкорда эса 25 фоизи ошқозон-ичак касалликлари билан боғлиқ.

Шифокорларимиз аҳолига, айниқса, болаларга ҳалигача антибиотикларни пала-партиш қўллаб келаётгани танқид қилинди. Туманларга тушиб, шифохона ва поликлиникадаги врачларга қайси дори мумкин, қайси бири мумкин эмаслигини ўргатиш ишлари суст.

Бошқа бир мисол, буйрак касалликларининг улуши Қорақалпоғистон, Хоразм, Фарғона ва Андижонда республика кўрсаткичидан 40-50 фоизга юқори.

Мазкур ҳудудларда бу касалликлар йиллар давомида камаймасдан келаётгани Урология маркази ва Нефрология маркази раҳбариятини хавотирга солиши, улар пастга тушиб, буйрак касалликларининг олдини олишни ўргатиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Қарши шаҳри, Ангор ва Бўстон туманларида юрак-қон томир касалликлари юқори бўлишига қарамасдан, Кардиология маркази бу борада аниқ чора-тадбир белгиламаган. Бу марказга уч йил олдин 5 миллион долларга олиб берилган замонавий лаборатория ва симуляция ускуналари бир кун ҳам ишлатилмагани қайд этилди.

Эндокрин касалликларнинг дориси учун ҳар йили 100 миллиард сўм ажратилмоқда. Лекин қалқонсимон без касаллиги Қорақалпоғистон, Самарқанд, Сурхондарё ва Жиззахда юқорилигича қолмоқда.

Эндокринология маркази хизматларнинг нархини бир йилда 35 фоизга оширган, лекин касалликларнинг профилактикасини ўйлагани йўқ.

Бугун хусусий клиникалар давлат шифохоналари билан тенгма-тенг туриб, айрим юқори технологик хизматлар бўйича олдинга ҳам ўтиб кетгани таъкидланди.

Масалан, жарроҳликда робот технологиялари ҳам биринчилардан бўлиб хусусий секторда қўлланди. Лекин Нейрохирургия, Хирургия марказларининг эса робот ёрдамидаги операцияларни қачон йўлга қўйиш бўйича режаси йўқ.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid