platina.uz
Иқтисод

Тарихий қадам яқин: АҚШ Ўзбекистон учун ҳар томонлама очиляпти

Америкалик сенатор Жексон-Вэник тузатишини бекор қилиш ниятини билдирди. Бунинг учун эса Ўзбекистон энг муҳим шартни бажариши керак.

Тарихий қадам яқин: АҚШ Ўзбекистон учун ҳар томонлама очиляпти
Фотоколлаж: Platina.uz

АҚШ сенатининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси Жеймс Риш ушбу ҳафта АҚШ конгрессига Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан Жексон-Вэник тузатишини бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этишини маълум қилган.

Агар бу амалга ошадиган бўлса, АҚШ ва Ўзбекистон муносабатлари тарихида янги саҳифа очилиши мумкин. Айни пайтда президент Шавкат Мирзиёев АҚШда бўлиб тургани, мамлакат Жаҳон савдо ташкилоти(ЖСТ)га қўшилишга яқин тургани ҳисобга олинса, тарихий қадамларга оз қолди.

АҚШ ҳукумати Жексон-Вэник тузатишини бекор қилиши учун ягона шарт бор эди: Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиши керак.

Жексон-Вэник тузатиши нима ўзи?

1974 йилда АҚШ конгресменлари Генри Жексон ва Чарлз Вэник "АҚШ савдоси тўғрисида"ги қонунга тузатиш киритишган. Бу тузатишга кўра, Америка эмиграция чекланган ва инсон ҳуқуқлари поймол бўлаётган давлатларга савдо бўйича чеклов қўяди.

Бу тузатиш асосан СССР давлатлари учун ишлаб чиқилган санкция бўлиб, 2000 йилда Қирғизистон, 2006 йилда Украина ва 2012 йилда Россияга нисбатан бекор қилинган. Ҳозир Ўзбекистон, Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон учун ўз кучини йўқотмаган.

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун мустақиллик йилларидан бери уриниб келади. Лекин ҳеч бир амалий ҳаракат сезилмаган, оқибатда мамлакатда монополия кучайиб, иқтисодиёт ва эркин рақобат муҳити ҳаминқадар ҳолга тушиб қолганди.

Президент Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлгач, Жаҳон савдо ташкилотига Ўзбекистонни аъзо қилиш ҳақида топшириқ берган. Бу бўйича амалий ҳаракатлар 2017 йилда бошланган. 2018 йилда Ташқи ишлар вазирлигида ЖСТга аъзо бўлиш бўйича идоралараро комиссия тузилган.


АҚШнинг даҳшатли чекловидан Ўзбекистон қачон қутулади?


Куни кеча эса Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича яна икки мамлакат — Канада ва Панама билан музокаралар якунланган.

ЖСТга аъзолик нима беради?

ЖСТга аъзо бўлишнинг асосий шартларидан бири — аъзоликни истаётган давлатда бирор соҳада монополия бўлмаслиги, эркин савдо ва рақобат муҳити ҳукмрон бўлиши керак.

ЖСТга қўшилишнинг асосий шартлари қуйидагилар:

  • Савдода дискриминацияга йўл қўймаслик. Ҳеч бир давлат экспорт ва импортга чеклов қўймай, ташқи иқтисодий фаолиятни қийинлаштирмаслиги керак.
  • Савдога оид ва бошқа протекцион шартларни олиб ташлаш. Савдо тўсиқлари чет маҳсулотининг ички бозорга киришига имкон бермайди ёки қийинлаштиради. Масалан, монополлашиш, импорт имтиёзлари, экспорт чекловлари, божхона тўловлари ортиши ва ҳк.
  • Савдо ташкилотларининг аниқлиги ва барқарорлиги. Савдонинг шартларидан бири — тарифли ва тарифсиз чекловлар атайлаб ёки тасодифан ўзгаришига йўл қўймаслик.
  • Халқаро савдо ташкилотларининг рақобатбардошлиги. Тенг ҳуқуқли рақобат қилиш учун чет эл компанияларининг мамлакатда фаолият олиб бориши эркин бўлиши керак.
  • Энди ривожланаётган давлатлар учун имтиёзлар. Бу ривожланиб келаётган давлатларнинг халқаро савдода қийналиб қолмаслиги учун жорий этилади.
  • ЖСТ ҳамиша эркин савдо тарафдори ва протекционизмга қаршидир.

Маълумот учун, протекционизм — бирор давлатнинг ўз миллий иқтисодиётини чет эл рақобатидан ҳимоя қилишга қаратилган иқтисодий сиёсат.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid