Тошкент ҳокими иссиқ сувнинг янги нархларини тасдиқлади
Қарорда нархлар расмий эълон қилинган кундан кучга кириши айтилган, аммо бу қонунчиликка зид ҳисобланади.

Тошкент шаҳар ҳокими иссиқлик таъминотининг янги нархларини тасдиқлаб берган. Ҳоким 22 августдаги депутатларнинг қарорини маъқуллаган.
Veolia Energy Tashkent МЧЖ ХК томонидан кўрсатиладиган марказлашган иссиқлик таъминоти хизматлари учун нархлар қуйидагича:
- базавий тариф ҚҚСсиз 711 641 сўм/Гкал;
- аҳоли учун ҚҚСсиз 139 860 сўм/Гкал;
- бюджет ташкилотларига ҚҚСсиз 952 797 сўм/Гкал;
- бошқа улгуржи хизматлар кўрсатувчи ташкилотларга ҚҚСсиз 342 296 сўм/Гкал.
Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши айтилган. Аммо қонунчиликка кўра, коммунал тўловлар нархи ошадиган бўлса, бу ҳақда 15 кун олдин ОАВ орқали хабар берилиши керак.
Қарорга кўра, ҳар йили Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети параметрларини шакллантиришда аҳолига иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида юзага келадиган зарарларни қоплаш ва инвестицион харажатларни қоплаш учун зарур субсидия маблағлари ажратилади.
Шунингдек, аҳолига иссиқлик таъминоти хизматлари бўйича пасайтирилган тарифлар қўлланилиши натижасида юзага келадиган зарарлар ва инвестицион харажатларга асослантирилган ҳисоб-китобларга мувофиқ Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан ҳар ойда субсидиялар ажратиш орқали қоплаб берилади.
Ушбу янги нархлар халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши томонидан 22 августда маъқулланган эди.