Оҳангарондаги ҳолат бўйича қамоқхона ходимларига жиноий иш очилди
Ҳолат бўйича жабрланувчи вояга етмаган қиз бирламчи кўмак хонасига жойлаштирилган, психолог дастлабки суҳбатни ўтказмоқда.

Оҳангарондаги қамоқдан қочган педофил ҳолати бўйича Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг Марказий тергов ҳибсхонаси тартибот бўлими сафдори Ш.О. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 214-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Оҳангарон туманида вояга етмаган қизга нисбатан номақбул ҳаракатлар содир этган шахс просессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан ЖКнинг 118 ва 119-моддаларининг 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳолатни ўз назоратига олган. Вояга етмаган жабрланувчи қизнинг ҳуқуқлари, психологик ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган.
Ҳолат бўйича кейс очилган, жабрланувчи вояга етмаган қиз бирламчи кўмак хонасига жойлаштирилган. Айни пайтда психолог томонидан дастлабки суҳбат ўтказилмоқда.