platina.uz
Сиёсат

Миллатимиз етакчиси — Шавкат Мирзиёев шахсияти ва сиёсатини қадрлашимиз керак ва шарт

АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг рафиқаси Жанет Рубио шошилинч бизнинг Президент билан учрашиш учун атай етиб келибди. 

Миллатимиз етакчиси — Шавкат Мирзиёев шахсияти ва сиёсатини қадрлашимиз керак ва шарт

Шу кунларда Президентимизнинг АҚШга ташрифини ўзгача фахр ва мароқ билан кузатиб боряпмиз. Учрашувлар, мулоқотлар, музокаралар... Уйқусиз, бедор паллалар...

“Президентимиз бунча куч, ирода ва шижоатни қаердан олар экан-а”, деб ўйлаб қоласан киши. Халқ, ватан келажаги учун қайғуриш, бу йўлда ўзини қийнаш ҳам шунчалик бўладими, деб ўйланасан баъзида.

Ҳозир биз катта тараққиёт йўлидамиз. Бу йўл осон бўлмаслигини аввалбошданоқ билардик. Аммо ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар шиддати ва уларнинг сиёсий аураси орадан кўп ўтмай, Мирзиёев феномени сифатида бутун дунё бўйлаб тарқалишини бундан 8-9 йил олдин бугунгичалик тасаввур қилмаганимизни энди яширмасак ҳам бўлар.

Гап Етакчимиз феномени ҳақида кетар экан, бир гапни комил ишонч билан айта оламиз: Шавкат Мирзиёев қатъиятли, бир сўзли, Зомин тоғларидек ҳайбатли ва иродали, Ватанини, халқини севадиган сиёсий фигура.

Келинг, шу ўринда, АҚШга ташриф чоғидаги бир вазиятга тўхталамиз.

Америкалик йирик компаниялар етакчилари билан учрашув бўлаётган бир пайтда музокаралар столидан яна бир киши учун жой ҳозирлаш тараддуди бошланди. Маълум бўлишича, АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг рафиқаси Жанет Рубио шошилинч бизнинг Президент билан учрашиш учун атай етиб келибди.

АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор меҳмонни шундай таништирди:

“Рухсат берсангиз, ҳозиргина келган жуда азиз ва махсус меҳмонимизни таништираман. У том маънода бизнинг маъмурият учун гўёки “махфий қурол”дир. Чунки унинг давлат ишларига таъсир кучи катта. Мен унга ҳозир қаерда эканимни айтганимда, у мен ҳам Ўзбекистон раҳбари билан мулоқотда қатнашишим шарт, дея дарҳол етиб келди. Шунинг учун Жанет Рубиони самимий олқишлар билан қарши олсак”.

Бу нимадан далолат? Ўзбекистон дунёга, дунё Ўзбекистонга очилаётганидан сурурли мужда шу эмасми ахир!

Ёки бўлмаса, Президентимизни АҚШдаги ватандошларимиз Ню-Йорк кўчаларида қўлларида байроғимизни ҳилпиратганча қандай кўтаринки руҳда, ҳавас ва фахр билан қарши олганини айтмайсизми?

Бу ҳам Янги Ўзбекистоннинг дунёга танилиб бораётганидан, халқимиз қадди кўтарилганидан ёрқин далолат эмасми?!

Бир сўз билан айтганда, Етакчимизнинг АҚШга ташрифи ҳар жиҳатдан манфаатли келишувларга бой бўлмоқда. Шу билан бирга Ўзбекистон етакчисининг глобал сиёсатдаги нуфузини ҳам кўрсатмоқда.

Масалан, давлатимиз раҳбари бир куннинг ўзида АҚШнинг 50 дан ортиқ йирик компания ва банклари раҳбарлари билан ўтказган учрашувлар ва музокараларида билдирилган фикрлар, эътирофлардан ҳам кўриш мумкин.

АҚШ расмийлари ва ишбилармон доира вакилларида Ўзбекистон Президенти билан мулоқот қилишга интилиш иштиёқи сезилиб турибди. Бу энди алоҳида бир катта мавзу.

Бобур Жалолов, Platina.uz сайти бош муҳаррири

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid