platina.uz
Сиёсат

Ғазо, Украина ва сув муаммоси: Президент БМТ минбарида нутқ сўзлади

Ўзбекистон етакчиси БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш тарафдори эканини маълум қилди. Иқлим миграцияси муаммоси бўйича жиддий ташвиш билдирилди. 

Ғазо, Украина ва сув муаммоси: Президент БМТ минбарида нутқ сўзлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 80-сессиясининг умумий мунозараларида нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари бугунги йиғилиш шиддат билан ўзгараётган мураккаб глобал вазиятда ўтаётгани, бу эса Ташкилот фаолияти ва унинг келажагига янгича ёндашувлар билан қарашга чорлаётганини таъкидлади.

"Ҳозирги кунда дунёда халқаро институтларнинг ўрни ва роли заифлашмоқда, қарама-қаршилик, низо ва урушлар кучаймоқда, технологик ва ижтимоий тенгсизлик кескин ошмоқда, иқтисодий ва гуманитар инқирозлар ортиб бормоқда. Буларнинг ҳаммаси мутлақо янги, хавотирли геосиёсий воқеликни вужудга келтирмоқда.

Биз Бош котиб Антониу Гутерриш Жаноби Олийларининг энг оғир ва ўткир глобал масалаларни муроса билан ҳал этиш учун Ташкилотимизни асосий платформа сифатида сақлаб қолишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаймиз.

Бу борада “БМТ – 80” ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз, Келажак учун пактга қатъий содиқлигимизни тасдиқлаймиз. Биз замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш тарафдоримиз", - деди Президент.

Президентимиз нутқини давом эттирар экан, педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказишни таклиф этди.

Шунингдек, мамлакатимизда илғор соғлиқни сақлаш тизими яратилаётгани таъкидланди. Эртага Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида Ўзбекистон ташаббуси билан болалар саратони ва бошқа оғир касалликларга қарши курашга бағишланган юқори даражадаги тадбир ўтказилади. Президент барча хорижий ҳамкорларни ушбу тадбирга таклиф этди.

Яна бир муҳим йўналиш – гендер сиёсати. Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг ролини бундан буён ҳам мустаҳкамлаш мақсад қилинган. Ўзбекистон кенг минтақамиз миқёсида Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириб, мунтазам ўтказиб бориш тарафдори экани қайд этилди.

"Бундан 8 йил муқаддам биз ушбу юксак минбардан туриб, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилганимизни эълон қилган эдик. Бугун чуқур мамнуният билан таъкидлаш мумкин: биз бу стратегик мақсадга эришдик. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди", - деди Ўзбекистон Президенти.

“Глобал ва минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш ҳақида гапирганда, албатта Афғонистон тўғрисида тўхталмаслик мумкин эмас.

Афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳимдир.

Биз Афғонистонда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқчимиз. Ушбу мамлакат орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича Ташкилотимизнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз”, - деди Президентимиз.

Ғазо секторидаги тобора кескин ёмонлашиб бораётган гуманитар инқирозни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмаслиги қайд этилди. Президент ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирди. Ўзбекистон БМТ резолюцияларига мувофиқ, “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга оширишнинг қатъий тарафдори экани таъкидланди.

“Украина атрофидаги вазият ҳам барчамизни жиддий ташвишга солмоқда. Бу муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлаймиз”, - деди Президентимиз.

Президент Шавкат Мирзиёев тобора ўткир тус олаётган иқлим ўзгариши муаммоларига ҳам алоҳида тўхталди.

Жумладан, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат марказида бўлиши лозимлиги айтилди. Ўзбекистон Оролбўйи экотизимини қайта тиклаш бўйича ишларни изчил давом эттирмоқда.

Сўнгги йилларда денгизнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли чўл ўсимликлари экилди. 2030 йилгача ушбу ҳудуднинг 80 фоиз қисмида яшил қопламалар ҳосил қилинади.

Яна бир муҳим муаммо – бу сув ресурсларининг тақчиллигидир. Ҳозирда дунё аҳолисининг икки миллиарддан ортиғи тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга эмас.

“Биз мамлакатимизда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказишни режалаштирганмиз. Мазкур анжуман якунлари бўйича Сув инқирозини барқарор тараққиёт учун жиддий таҳдид сифатида белгилаш мўлжалланмоқда.

Экологик ўзгаришларнинг яна бир салбий кўриниши – иқлим миграциясининг кучайиб бораётганидир. Афсуски, ушбу йўналишда аниқ халқаро механизмлар ва ҳуқуқий база ҳанузгача яратилмаган. Биз бу жиддий масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилиш тарафдоримиз”, - деди Президент.

Сув ресурсларининг тақчиллиги муаммосига тўхталар экан, Президентимиз Ўзбекистонда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш режалаштирилганини таъкидлади. Мазкур анжуман якунлари бўйича Сув инқирозини барқарор тараққиёт учун жиддий таҳдид сифатида белгилаш ва бу борада глобал даражада инновация технологияларини жорий этиш учун алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилиш мўлжалланмоқда.

Экологик ўзгаришларнинг яна бир салбий кўриниши – иқлим миграциясининг кучайиб бораётганидир. Президентимиз ушбу йўналишда аниқ халқаро механизмлар ва ҳуқуқий база ҳанузгача яратилмаганини қайд этди. Шу муносабат билан бу жиддий масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилишга чақирди.

Аввалроқ президент АҚШда Доналд Трамп ва бошқа сиёсатчилар билан учрашганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid