platina.uz
Жаҳон

"Фаластин давлати бўлмайди": Исроил Ғарбий соҳилдаги ишғолни кенгайтириш бўйича режани тасдиқлади

Яҳудий давлати ушбу ҳудудга ўз аҳолисини кўчириб келтиришни кўпайтирмоқда. Ушбу амалиёт халқаро ҳуқуққа мувофиқ ноқонуний ҳисобланади. 

"Фаластин давлати бўлмайди": Исроил Ғарбий соҳилдаги ишғолни кенгайтириш бўйича режани тасдиқлади

Исроил бош вазири Фаластин давлати ҳеч қачон бўлмаслигига ваъда берди.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху фаластинликлар бўлажак давлатининг асосини ташкил этишига умид қилаётган ерларни ўз ичига олган мунозарали турар-жойларни кенгайтириш режасини илгари суриш бўйича келишувни имзолади.

“Фаластин давлати бўлмайди”, деди Нетаняху 11 сентябр куни Ғарбий Соҳилдаги Маале Адумим аҳоли пунктига ташрифи чоғида.

"Бу жой бизники... Биз меросимизни, еримизни ва хавфсизлигимизни ҳимоя қиламиз. Шаҳар аҳолисини икки баробарга оширамиз", деди у.

Август ойида Исроил Олий режалаштириш қўмитаси босиб олинган Ғарбий Соҳилда Е1 турар-жой лойиҳасини якуний даражада маъқуллаган эди.

Қуддусдан шарқда жойлашган очиқ ер участкасидаги режа йигирма йилдан кўпроқ вақт давомида кўриб чиқилаётган эди, бироқ АҚШнинг аввалги маъмуриятлари босими остида тўхтатиб қўйилган эди.

Исроилнинг Фаластин ҳудудини босиб олиши халқаро ҳуқуққа мувофиқ ноқонуний ҳисобланади. Ўтган йили Халқаро Суд Исроилнинг Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги аҳоли пунктлари фаолиятини тезда тўхтатиши ва бу ҳудудларни, шунингдек, Ғазо секторини ишғол қилишни тўхтатишга қарор қилган эди.

Собиқ кўчманчилар етакчиси, ўта ўнгчи молия вазири Безалел Смотрич сўнгги ҳафталарда Фаластин давлатини тан олиш режаларини эълон қилган Ғарб давлатларига танбеҳ сифатида аҳоли пунктларини кенгайтириш қарорига ишора қилмоқда.

“Фаластин давлати шиорлар билан эмас, балки ҳаракатлар билан столдан ўчирилмоқда. Ҳар бир аҳоли пункти, ҳар бир массив, ҳар бир турар-жой бу хавфли ғоя тобутининг қисмдир”.

Бир неча давлатлар, жумладан, Буюк Британия ва Нидерландия, сўнгги ҳафталарда Смотрич ва Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирга қарши санкциялар киритиш учун ҳаракат қилди, уларни фаластинликларга қарши зўравонлик қўзғатганликда айблади.

Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Х тармоғидаги постида Е1 лойиҳасининг маъқулланишини қоралаб, уни "халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиш" деб атади.

Фаластин ва Исроил

Сўнгги вақтларда Исроил Ғазодаги қирғинни кучайтирди. Оқибатда Ғарбда Фаластинни тан олиш ҳаракати бошланди.

Европа Иттифоқи Исроилни молиялаштиришни тўхтатишини билдирди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid