Қирғизистондаги банкка исломий молия тамойиллари асосида ишлашга рухсат берилди
Мамлакатда исломий молия хизматлари йил бошидан буён 50,2 фоизга ўсган.

Қирғизистон Миллий банки “Оптима Банк”га исломий молия тамойиллари асосида банк операцияларини амалга ошириш учун лицензия берди.
Бу ҳақда ОАВ мамлакат Миллий банкига асосланиб хабар бермоқда.
Операциялар миллий ва хорижий валюталарда исломий молия орқали амалга оширилади ва бу банк мижозларга шариатга мос молиявий маҳсулотларни таклиф қилиш имконини беради.
2025 йил 30 июн ҳолатига кўра, Қирғизистонда 21 та тижорат банки ва 304 та филиал фаолият кўрсатмоқда.
Ушбу банкларнинг бештаси ислом банк иши ва молиялаштириш тамойилларига мувофиқ хизматлар кўрсатган. Ислом тамойиллари бўйича молиялаштириш қиймати йил бошидан буён 50,2 фоизга ошиб, 2024 йил охиридаги 9 миллиард сомдан (103 миллион доллар) 13,6 миллиард сомга (155 миллион доллар) етди.
Аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки "Евроосиё банки" тугатилишини билдирганди.
Банк томонидан устав капитали миқдори бўйича белгиланган энг кам талаб ва бошқа шартлар бажарилмаган.