Жанубий Кореяда собиқ президентнинг рафиқаси ҳибсга олинди
У порахўрлик ва фирибгарликда айбланмоқда. Юн Сок Ёлнинг ўзи эса ҳарбий ҳолат эълон қилиш ортидан бошланган сиёсий инқироз сабаб лавозимдан айрилганди.

Жанубий Кореяда собиқ президент Юн Сок Ёлнинг рафиқаси ҳибсга олинди.
Собиқ биринчи хоним порахўрлик ва акциялар бўйича фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган, деб хабар беради Yonhap.
Гап нима ҳақда?
Сеул марказий суди махсус прокурорнинг илтимосига кўра, собиқ биринчи хоним далилларни яшириши ёки йўқ қилиши мумкин деб ҳисоблаб, ҳибсга олишга ордер берди.
Тергов маълумотларига кўра, Ким Конг Хи қимматли қоғозлар билан ноқонуний даромад олиш имконини берувчи фирибгарлик схемаларида иштирок этган.
Бундан ташқари, у алоқалар ва ресурслардан фойдаланган ҳолда сайлов натижаларига таъсир ўтказишга уринганликда, шунингдек, сиёсий манфаатлар эвазига қимматбаҳо совғалар олганликда айбланмоқда. Ким Конг Хининг ўзи барча айбловларни рад этади.
Собиқ президентнинг тақдири
Жанубий Кореянинг аксария президентлари тақдирига ҳавас қилиб бўлмайди. Шу жумладан Юн Сок Ёлнинг раҳбарлик даври ҳам катта можаро билан якун топди. 2024 йилнинг 3 декабрида Юн Сок Ёл мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этишга уринди, бу эса оммавий норозиликларни келтириб чиқарди ва импичмент билан якунланди. У икки ойга яқин ҳибсда ўтирди, бироқ кейинроқ қўйиб юборилди.
2025 йил июл ойида Сеул суди яна собиқ президентни ҳибсга олиш учун ордер берди. Юн қонунга хилоф равишда ҳарбий ҳолат жорий этиш, исён уюштиришга уриниш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланмоқда. Бунинг учун уни жиддий жазо, жумладан, ўлим жазоси кутмоқда.