Макрон Исроилнинг Ғазони эгаллаш режасини "фалокатли" деб атади
Жаҳон ҳамжамиятида Исроилнинг ҳаракатлари сабаб норозиликлар кучаймоқда. КХДР ҳам Ғазодаги қирғинни кескин қоралаб чиқди.

Франция президенти Эммануэл Макрон Исроилнинг Ғазони эгаллаш режасини "фалокат" деб атади.
Шимолий Корея эса яҳудий давлатига қарши кескин баёнот билан чиқди.
Гап нима ҳақда?
Франция президенти Эммануэл Макрон Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняхунинг милитаристик интилишларидан афсусда эканлигини ва “БМТ мандати остида барқарорлаштириш миссияси”га устувор аҳамият беришини айтди.
Le Figaro нашрининг ёзишича, Макрон Исроилнинг Ғазо шаҳрини қўлга киритиш режасини эълон қилганидан сўнг “башорат қилинган фалокат” ҳақида гапирди ва Исроилнинг “доимий уруш истаги”ни қоралаб, Ғазо сектори хавфсизлигини таъминлаш бўйича БМТ миссияси ҳақидаги таклифини такрорлади.
Нашрнинг қайд этишича, Франция президенти Нетаняхунинг Ғазо шаҳри устидан назоратни ўз қўлига олиш ва ХАМАСнинг сўнгги қалъаларига ҳужум қилиш режаларига биринчи марта жавоб қайтармоқда.
Макронга кўра, у таклиф қилаётган ечим Ғазодаги ХАМАСга қарши “урушни тугатишнинг энг яхши йўли”дир.
Макрон “Терроризмга қарши кураш, Ғазо секторидаги вазиятни барқарорлаштириш, аҳолини қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик ва барқарорлик учун бошқарув тизимини ўрнатиш” устувор вазифа бўладиган “БМТ мандати остидаги халқаро коалиция”ни яратишни таклиф қилди.
Нашр эслатишича, бундай миссия ғояси 30 июл куни БМТ конференциясида илгари сурилган, унинг якунига кўра 17 давлат, жумладан Қатар ва Миср декларацияни қабул қилган эди. Ушбу миссия, хусусан, тинч аҳолини ҳимоя қилиш, "хавфсизлик учун масъулиятни Фаластин миллий маъмуриятига топширишни қўллаб-қувватлаш" ва "Фаластин ва Исроилга хавфсизлик кафолатларини, жумладан, келажакдаги ўт очишни тўхтатишни кузатиш" га қаратилган бўлиши қарор қилинди.
"Энди Хавфсизлик Кенгаши ушбу миссияни яратиш ва унга мандат бериш устида ишлаши керак. Мен ўз вакилларимга бу борада ҳамкорларимиз билан зудлик билан иш олиб боришни топширдим", деб хулоса қилди Франция президенти.
Шунингдек, Корея марказий ахборот агентлиги КХДР Ташқи ишлар вазирлигининг Исроил расмийларига Ғазо шаҳри устидан назорат ўрнатиш режаларидан воз кечишни ва сектордан чиқиб кетишни талаб қилган мурожаатини эълон қилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, бу режалар халқаро ҳуқуқ нормаларини бузади ва Исроил раҳбариятининг “бандит характерини яққол кўрсатиб беради”.
Ғазо ва Исроил режаси
Аввалроқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Исроил бутун Ғазо секторини ҳарбий назоратга олишини айтганди. Режа фаластинликларни Ғазо шаҳридан олиб чиқиш ва қуруқликдан ҳужум бошлашни ўз ичига олади.
“Халқаро ҳамжамиятнинг Ғазо секторидаги қарийб икки йиллик қирғинни тўхтатиш ҳақидаги якдил чақириғига эътибор бермаган Исроил расмийлари вайрон бўлган Ғазо шаҳрини куч билан эгаллашга қарор қилди”, — дейди Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги.